Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ҳар биримиздан юксак масъулият, фидойилик ва жонкуярликни талаб қилади.

 

Андижон шаҳрида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VII конференцияси бўлиб ўтди. Ҳисобот-сайлов конференцияси ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Тўлқин Зокирович Тешабоев, Андижон вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Абдувахоб Нурматов, вилоятдаги ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари ҳамда давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Кун тартибидаги биринчи масала – Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2010 йил июлидан 2015 йил июлигача бўлган даврдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳамда ҳудуддаги касаба уюшмалари ташкилотларининг келгусидаги вазифалари юзасидан кенгаш раиси Қодиржон Парпиевнинг маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида иқтисодиётдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда юртимиз ижтимоий ҳаётида ҳам улкан тараққиёт даври бошланди. Аҳолининг турмуш даражаси мунтазам равишда ошиб бормоқда. Муҳими, ҳаётбахш ислоҳотлар ва катта ўзгаришларда касаба уюшма ташкилотларининг муносиб ҳиссаси бор.

Ўтган йиллар мобайнида вилоятда тизимни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, тузилма ва кадрлар билан ишлаш механизмини такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Ҳисобот даврининг дастлабки йилларида, яъни 2013 йилнинг 15 февралига қадар ҳудудда 6 та тармоқ касаба уюшмаси вилоят кенгашлари, 3 та тармоқ касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмиталари мавжуд эди. Тузилмавий ўзгаришлар натижасида бугунги кунга келиб 62 та тармоқ касаба уюшмалари шаҳар ва туман кенгашлари, 3413 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўз сафларига 551 минг 373 нафар аъзони бирлаштирди.

Қайд этиш жоизки, нодавлат сектордаги корхона ва ташкилотларда бошланғич қўмиталарни тузиш, уларда ишловчиларни тизимга жалб этиш орқали ҳар томонлама муҳофаза қилинишига эришиш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 5 минг 765 та ана шундай корхона ва ташкилотларда касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, 43 минг 747 нафар ходим аъзоликка қабул қилинди.

Ҳисобот йилларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси, фуқаролар мурожаатлари эътибор марказида бўлди. Жумладан,Бирлашмага ўтган даврда 776 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг барчаси қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда ўрганилди. Хусусан, иш берувчилар томонидан ноқонуний ишдан бўшатилганлиги билдирилган ариза ва шикоятлар юзасидан тегишли мутасаддиларга тақдимномалар киритилиб, уларни ўз лавозимларига ишга тикланишига эришилди ҳамда мажбурий прогул вақтлари учун жами 28 млн. 163 минг 500 сўм миқдоридаги хақлари ундириб берилди.

Ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, турли даражадаги масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш ютуқлар салмоғини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳисобот даври бошида вилоят бўйича 90,1 фоиз ишловчилар жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган бўлса, охирги йилда бу кўрсаткич 98,9 фоизга етди. Ижтимоий шерикликнинг асосий воситаси бўлган Келишувлар ва жамоа шартномалари орқали ёш оилаларга фоизсиз ссудалар бериш, кам таъминланган, кўп болали оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, ишловчиларнинг олий ўқув юртлари талабаси бўлган фарзандларининг контракт тўловлари ҳамда мактаб ўқувчиси бўлган ўғил-қизлари учун ўқув қуролларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш каби қатор имтиёзлар амалда қўлланмоқда

Меҳнаткашлар ўртасида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини уюштириш, улар маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи ҳамда мустақиллик берган неъматларга шукроналик кайфиятини уйғотувчи, мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, обидалари, шунингдек, мустақиллик йиллари қад ростлаган мажмуаларга саёҳатлар уюштириш, ишловчилар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш соҳаларида ҳам мақтанишга арзигулик ютуқлар бор.

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнат жамоаларида “Маънавият ва маърифат” хоналарини ташкил этиш, уларни замонавий кўргазмали воситалар билан жиҳозлаш бўйича иш берувчилар олдига аниқ талаб ва таклифлар киритилмоқда. Ҳисобот даври бошида 600 га яқин ўқув муассасалари, 250 та ишлаб чиқариш корхоналари ва 300 дан зиёд ташкилотларда “Маънавият ва маърифат” хоналари фаолият кўрсатган бўлса, 2015 йилга келиб 1200 дан зиёд ўқув муассасалари, 600 га яқин ишлаб чиқариш корхоналари ва 700 дан зиёд ташкилотларда “Маънавият ва маърифат” хоналари ёки бурчаклари ташкил этишга эришилди. Бирлашма ва барча қуйи касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнат жамоаларида “Маънавият соати” машғулотлари ўтказиш, ишчи-хизматчилар иштирокидаги йиғилишларда маънавиятни юксалтиришга қаратилган мавзуларга эътибор қаратиш анъанага айланди.

Ҳисобот маърузасида фаолиятнинг турли қирралари бўйича йўл қўйилган камчиликлар ҳам тилга олинди.

Ишловчиларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашни янада такомиллаштириш, меҳнатни муҳофаза этиш, хавфсиз иш ва зарур маиший шароитларни яратиш, иш ҳақларининг ўз вақтида берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, жамоа шартномалари ва келишувлар орқали қўшимча ижтимоий-иқтисодий кафолатлар белгилашга эришиш, ҳар бир мурожаатни белгиланган муддатида, ижобий ҳал этилишини таъминлаш, хусусий корхоналарда бошланғич ташкилотлар тузиш орқали уларни касаба уюшмалари хизматига олиш ва ушбу жойларда ишловчиларнинг ҳар томонлама муҳофаза қилинишига эришиш ишларини жонлантириш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Анжуманда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тафтиш комиссияси раиси Иминжон Ҳурбоевнинг ҳам маърузаси тингланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олтинкўл тумани кенгаши раиси Дилфузахон Шодмонова, “UzSaemyungCo” қўшма корхонаси касаба уюшмаси раиси Хуршидбек Раҳмонов, вилоят адабиёт музейи бўлим мудири Улуғбек Тожибоев,  Қўрғонтепа туманидаги 21-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Раъно Эргашева ва бошқалар фаолиятни яхшилаш, имкониятлардан янада унумли фойдаланиш борасида фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шу куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII қурултойига делегатлар сайланди. Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислигига Қодиржон Парпиев қайта сайланди.

Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Тўлқин Тешабоев кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқди.

Мазкур конференциядан фотолавҳалар

[custom_gallery source=»media: 498,497,496,495,494,493,492,491,490,489,488″ limit=»20″ link=»image» target=»self» width=»90″ height=»90″ title=»never»]

 

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!