Welcome to Инсонга наф келтириш - олий бахт!   Click to listen highlighted text! Welcome to Инсонга наф келтириш - олий бахт!

Бирлашма устави

ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ 

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ

ТАШКИЛОТЛАРИ БИРЛАШМАСИ

 НИЗОМИ

  1. Умумий қоидалар

 1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси (кейинги ўринларда “бирлашма” деб юритилади) – Андижон вилоятида касаба уюшмалари аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ишларини ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ҳамда бирдамлик асосида амалга ошириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси (кейинги ўринларда “Федерация” деб юритилади)га аъзо тармоқ касаба уюшмаларининг ҳудуддаги барча касаба уюшмалари ташкилотларини бирлаштиради.

1.2. Бирлашма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат ва Фуқаролик кодекслари, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, Федерация Устави ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.

1.3. Бирлашма Федерациянинг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятини Андижон вилояти ҳудудида (кейинги ўринларда ҳудуд деб юритилади) амалга оширади. Ташкилий –хуқуқий шакли – уюшмадир.

1.4. Бирлашмани Федерация Кенгашининг қарорига мувофиқ ташкил этилиб, ҳудудда Федерация манфаатларини ифодалайди ва амалга оширади.

1.5. Бирлашма давлат ва хўжалик органлари, жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлайди. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг бирлашма фаолиятига аралашишига, шунингдек, бирлашманинг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди, қонунларда кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

1.6. Бирлашма олдида турган вазифаларни амалга ошириш мақсадида бирлашма кенгаши аппаратини шакллантирилади. Бирлашма кенгаши аппаратининг тузилмаси ҳамда штатлар жадвали Федерация Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади.

1.7. Бирлашма ва касаба уюшмалари Республика ташкилотларининг муносабатлари ўзаро ҳурмат, ишонч, Федерация олдида турган вазифаларни бажаришда яқиндан ҳамкорлик ва бирдамлик тамойиллари асосида қурилади.

1.8 Бирлашманинг номланиши:

ўзбек тилида: тўлиқ – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси; қисқартмаси – ЎзКУФК АВКУТБК;

рус тилида: тўлиқ – Андижанское областное объединение профсоюзных организаций Федерации профсоюзов Узбекистана; қисқартмаси – АООПО ФПУз;

1.9. Бирлашманинг раҳбар органи – Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг жойлашган ери (почта манзили): 170100. Ўзбекистон Республикаси, Андижон шаҳри, Навоий шоҳ кўчаси, 32-уй.

 Бирлашманинг асосий мақсад ва вазифалари

 2.1. Бирлашма фаолиятининг асосий мақсади Федерацияга аъзо тармоқ касаба уюшмаларининг ҳудуддаги барча ташкилотлар аъзоларининг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари, ишлаб чиқариш, касбий, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, аъзо ташкилотларнинг умумий мақсадларига эришиш, умумий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, амалдаги қонунчилик доирасида уларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлашдир.

2.2. Бирлашма касаба уюшмалари ташкилотларининг қуйидагиларга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиради ва қўллаб-қувватлайди:

миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъи назар, касаба уюшма аъзосининг меҳнат қилиш, иш ва касбини эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитига ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишига;

максимал даражада бандликнинг таъминланиши, даромадларнинг оширилиши ва мулкий табақаланиш даражасининг камайтирилишига;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилишига;

ишлаб чиқаришни ривожлантириш даражасига мувофиқ ишловчиларнинг малакаси оширилиши ва касбий  қайта тайёрланишига;

давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан меҳнаткашларнинг меҳнат, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқ ва манфаатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек, халқ фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва юрт осойишталигини сақлаш борасида ўзаро ҳамкорлик олиб борилишига;

меҳнат, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб боришга;

ижтимоий шериклик йўлга қўйилиши, жамоа музокараларининг ташкил этилиши, жамоа шартномалари ва келишувлари тузилиши, уларнинг бажарилиши устидан назоратнинг амалга оширилишига;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг соғломлаштириш, оммавий спортни тарғиб этиш, маънавий салоҳиятни юксалтиришга қаратилган маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этилишига, шунингдек маданият, жисмоний тарбия ва спорт иншоотлари, санаторийлар, дам олиш уйлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланишига кўмаклашишга.

2.3. Ушбу мақсадлар йўлида бирлашма:

давлат органларида аъзо ташкилотлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг  иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади;

меҳнат, бандлик, маиший турмуш, соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт ишлари, шунингдек бошқа масалалар бўйича тегишли идораларга таклифлар киритади ҳамда уларнинг ҳаётга татбиқ этилишига эришади;

аҳолининг турли гуруҳлари ва қатламлари турмуш даражасини ўрганади, аҳоли даромадлари ва халқ истеъмол моллари ҳамда хизматлар нархининг ўсиш индекси нисбатини тартибга солиш бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этади;

ҳудудда ижтимоий-иқтисодий инфраструктурани ривожлантириш режаларини шакллантиришда иштирок этади;

Федерация Кенгаши томонидан белгиланган тартибда хайрия ва ҳомийлик фаолиятини  амалга  оширади;

бирлашма кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва раҳбарлик қилади;

умумий мақсадлар йўлида касаба уюшмалари Республика ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

Федерация Кенгаши томонидан белгиланган касаба уюшмаси бюджетининг тегишли қисмини бошқаради ҳамда ишлаб чиқариш, хўжалик ва қонун билан рухсат этилган бошқа фаолиятдан тушадиган маблағларни Федерация Кенгаши билан келишган ҳолда самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлайди.

 III. Бирлашманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 3.1. Бирлашма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳудудий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида касаба уюшмалари аъзоларининг иқтисодий, меҳнат, ижтимоий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича келишувлар тузиш ва уларнинг амалга оширилишига эриши;

меҳнат, бандлик, маиший турмуш, соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт ишлари, шунингдек, бошқа масалалар бўйича таклифлар киритадилар ҳамда уларнинг ҳаётга татбиқ этилишига эришиш;

аҳолининг турли гуруҳлари ва қатламлари турмуш даражасини ўрганадилар, аҳоли даромадлари ва халқ истеъмол моллари ҳамда хизматлар нархининг ўсиш индекси нисбатини тартибга солиш бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этиш;

ҳудудда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш режаларини шакллантиришда иштирок этиш;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат қонунчилигига ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши устидан ҳудудда жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, ишлаб чиқаришда меҳнат ҳуқуқи, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилиш;

ҳудуддаги касаба  уюшма  ташкилотларига касаба уюшмалари ва бошқа тизимдаги санаторийларга йўлланмаларни берадилар ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини  молиялаштириш  масалаларини  ҳал  қилиш;

Федерация Кенгаши томонидан белгиланган тартибда хайрия ва хомийлик фаолиятини  амалга  ошириш.

3.2. Бирлашма:

қонун ҳужжатларига риоя этишга;

Федерация Устави талаблари, Федерация органларининг Уставга мувофиқ қабул қилган қарорларини бажаришга;

Федерация фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, Федерация аъзо ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишда бирдамлик кўрсатишга, Федерациянинг мақомини мустаҳкамлаш ва унинг жамиятдаги ҳамда халқаро касаба уюшмалари ҳаракатидаги ролини ошириш бўйича иш олиб боришга;

Федерация Кенгаши, Республика иш берувчилар уюшмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишув тузилиши ва бажарилишига кўмаклашишга;

Федерация ва унга кирган аъзо ташкилотлар манфаатларини камситадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка;

рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар рўйхатини шакллантиради, касаба уюшмалари Республика ташкилотлари билан ҳамкорликда уларни касаба уюшмаларига жалб этиш чораларини кўришга;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, оммавий спорт билан шуғулланишга жалб этиш, маънавий салоҳиятини юксалтириш, маданий дам олишларини ташкил этиш соҳасида иш олиб боришга, шунингдек, болаларнинг ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари ишини ташкил қилишга;

ижтимоий суғурта бюджети ва санаторий йўлланмаларини тақсимлаш режасини тасдиқлаш, ижтимоий суғурта маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат юритиш, Федерация Кенгашига бюджет ижроси бўйича молиявий ҳисоботларни тақдим этишга;

аъзолик бадаллари ҳисобидан бериладиган санаторий, дам олиш уйлари йўлланмаларини тақсимлаш режасини ҳамда Федерация Кенгаши Раёсати томонидан маъқулланган даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайдилар, маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатадилар ва бунинг учун жавобгарлар, Федерация Кенгашига молиявий ҳисоботларни тақдим этадишга;

касаба уюшмалари ташкилотларига ташкилий-ҳуқуқий, услубий-консультатив ёрдам кўрсатишга;

ваколати доирасида қабул қилинаётган, ўзгартиришлар киритилаётган ёки бекор қилинаётган низомлар ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар ҳақида Федерацияни хабардор қилиб боришга;

Федерация таъсис этган оммавий ахборот воситалари, унинг тасарруфидаги бошқа ташкилотлари фаолиятига кўмаклашишга;

Федерация Кенгаши томонидан белгиланган тартибда, муддатларда ва миқдорда аъзолик бадалларидан ажратмаларни Федерация Кенгашининг ҳисоб рақамига ўтказиб боришда кўмаклашишга;

Федерация Қурултойи, бирлашма конференцияси, Федерация Кенгаши ва Кенгаш Раёсати томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажаришга.

касаба уюшмаси маблағлари, шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлашга;

аъзолик  бадалларини ҳисоблаш, тўлаш ва йўлланмалардан фойдаланиш билан боғлиқ молиявий ҳисобот, бошқа статистик маълумотларни белгиланган шакл ва тартибда Федерация Кенгашига тақдим этишга мажбур.

3.3. Бирлашма раҳбарлари Федерация коллегиал органлари қабул қилган қарорларнинг амалга оширилиши учун шахсан жавобгардирлар.

Қарорларни бажармаслик ҳоллари Федерациянинг ваколатли тузилмалари томонидан кўриб чиқилади.

 

  1. Бирлашманинг аъзо ташкилотлари

 4.1. Федерацияга аъзо касаба уюшмаларининг ҳудуддаги тузилмавий ташкилотлари бирлашма таркибига киради.

Янги ташкил этилган ва белгиланган тартибда тармоқ касаба уюшмаси таркибига киритилган бошланғич ташкилотлар айни вақтда бирлашма аъзолигига ҳам кирган ҳисобланади. Бошланғич ташкилотларнинг тегишли ҳудуддаги тармоқ ташкилотларини четлаб ўтган ҳолда бирлашмага киришларига йўл қўйилмайди, ҳудудий ташкилотлари бўлмаган касаба уюшмалари бундан мустасно.

Бошланғич ташкилотнинг тармоқ касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиши ёки чиқарилиши, унинг бирлашма аъзолигидан чиқиши ёки чиқарилишига асос бўлади.

4.2. Мазкур Низом талабларига риоя қилмайдиган ёки бирлашма манфаатлари ҳамда мақсадларига зид равишда иш олиб борадиган, шунингдек Федерация, бирлашма коллегиал органларининг қарорларига, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига зид равишда фаолият кўрсатаётган аъзо ташкилотлар бирлашма аъзолигидан чиқарилишлари мумкин.

Федерацияга аъзо бўлган тармоқ касаба уюшмасининг ҳудуддаги ташкилоти бирлашма аъзолигидан чиққан ёки чиқарилганда бу ҳақда бирлашма кенгаши раёсати ва тегишли касаба уюшмаси Республика кенгаши раёсатининг қўшма қарори қабул қилиниб, Федерация Кенгаши Раёсатининг тасдиғига киритилади. Мазкур масала бўйича узил-кесил қарор Федерация Кенгаши Раёсати томонидан қабул қилинади.

4.3. Аъзо ташкилотлар бирлашма аъзолигидан чиққанда ёки чиқарилганида молиявий ёки мулкий масалалар тегишлилигига кўра касаба уюшмаси Республика ташкилоти ва бирлашма билан келишилган ҳолда Федерация Кенгаши Раёсати томонидан кўриб чиқилади.

4.4. Аъзо ташкилотлар:

Федерация Уставини, бирлашма сайланма органларининг Федерация Устави ва ушбу Низомга мувофиқ ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорларини бажаришга;

аъзолик бадалларидан ажратмаларни Федерация Кенгаши томонидан белгиланган миқдорда ва тартибда ўз вақтида бирлашма ҳисоб рақамига ўтказиб туришга;

аъзолик бадаллари ҳисобидан бериладиган имтиёзли йўлланмалардан фойдаланишда Федерация Кенгаши Раёсати қарори асосида бирлашма кенгаши раёсати томонидан тасдиқланган режани ўз вақтида бажаришга;

бирлашма органлари ўз ваколати доирасида талаб қилаётган ахборот ва ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этишга;

касаба уюшмалари Республика ташкилотларининг ҳудуд бўйича масъул ташкилотчилари, касаба уюшмалари туман ва шаҳар ташкилотлари раисларининг меҳнат таътилига чиқиши муддатларини бирлашма раҳбарияти билан келишган ҳолда белгилаш ва бирлашма кенгашини хабардор этишга;

ижро интизоми масалаларида бирлашма органлари томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этишга;

бирлашма манфаатларини камситадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка мажбурлар.

4.5. Аъзо ташкилотлар:

Бирлашма иштирокида тузиладиган ҳудудий (минтақавий) келишувларга киритиш учун ўз таклифларини тақдим этиш, келишув лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок қилиш;

белгиланган вакиллик меъёрига мувофиқ бирлашма конференциясига делегатлар сайлаш;

ўз вакилларини белгиланган тартибда бирлашма кенгаши таркибига сайлаш, чақириб олиш ва уларни алмаштириш;

бирлашманинг сайланма органларига касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича мурожаат этиш, тушунтириш ва маълумотлар олиш, зарурат туғилганда қўйилган масалаларни ҳал этишда кўмак олиш;

касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга оид ҳужжатлар лойиҳаларини конференцияларда ва бирлашманинг сайланма органлари йиғилишлари, мажлисларида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

бирлашма аъзолигидан чиқарилганда  Федерация Кенгашига шикоят аризаси билан мурожаат қилиш;

тармоқ тизимида янги ишга туширилаётган объектларни қабул қилиш комиссиялари ишида бирлашма кенгаши аппаратининг тегишли мутахассислари иштирок этишини сўраб бирлашмага мурожаат этиш;

касаба уюшмалари ташкилотлари, уларнинг аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун суд мажлисларида иштирок этиш, уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масалаларида бирлашма кенгашига мурожаат этган ҳолда тегишли бўлимларнинг мутахассисларини жалб этиш, уларнинг хизматидан фойдаланиш, қайд этилган масалаларда тармоққа оид маълумотларни олиш;

бирлашма томонидан ташкил этилаётган тадбирлар, ўқув-семинарларда иштирок этиш;

бирлашма кенгаши аппарати мутахассисларидан касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича амалий ва услубий ёрдам олиш ҳуқуқига эгалар.

 Бирлашма органлари

 5.1. Қуйидагилар Бирлашма органлари ҳисобланади:

Бирлашма конференцияси;

Бирлашма кенгаши;

Бирлашма кенгаши раёсати;

Бирлашма тафтиш комиссияси;

Бирлашма раиси.

5.2. Бирлашма конференцияси бирлашманинг олий органи бўлиб, бирлашма кенгаши томонидан беш йилда камида бир маротаба чақирилади.

Конференция чақириш, вакиллик меъёри ҳамда тавсия этилаётган кун тартиби тўғрисида конференциядан камида икки ой олдин эълон қилинади.

Конференцияга вакиллик меъёри, бирлашма кенгашини шакллантириш, делегатларни сайлаш тартиби бирлашма кенгаши мажлиси томонидан белгиланади.

Бирлашма раиси, бирлашма раисининг ўринбосарлари ўз лавозимларига кўра бирлашма конференциясининг делегатлари ҳисобланадилар.

5.3 Навбатдан ташқари конференция бирлашма кенгаши ташаббуси ёки  бирлашмага аъзо ташкилотларнинг камида учдан бир қисмининг талаби билан бирлашма кенгаши ёхуд Федерация Кенгаши Раёсати қарорига мувофиқ чақирилади ва уни чақириш, вакиллик меъёри ҳамда кўзда тутилган кун тартиби ҳақида камида бир ой олдин эълон қилинади.

5.4. Конференция ваколатига:

Бирлашма ва унинг тафтиш комиссияси раисларини, бирлашма кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш, аъзо ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри вакил йўллаш усулида бирлашма кенгаши таркибига сайланган вакилларнинг ваколатини тасдиқлаш;

Бирлашма кенгаши ва тафтиш комиссиясининг фаолиятлари тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш;

Бирлашманинг узоқ муддатга мўлжалланган дастурий ҳужжатларини қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

белгиланган тартибда ва вакиллик меъёрига мувофиқ Федерация Қурултойига делегатларни, Федерация Кенгаши таркибига вакилларини сайлаш, уларни чақириб олиш;

Федерациянинг Устави ва мазкур Низомга зид келмайдиган бошқа масалаларни ҳал этиш киради.

5.5. Бирлашма кенгаши бирлашма конференциялари оралиғида раҳбар орган бўлиб, 5 йил муддатга сайланади.

Бирлашма кенгаши бевосита конференцияда сайлаш ёки белгиланган меъёрга мувофиқ унинг таркибига аъзо ташкилотлардан вакил йўллаш принципи бўйича шакллантирилиши мумкин.

Бирлашма кенгашининг мажлиси бирлашма кенгаши раёсати қарорига мувофиқ заруратга қараб, лекин ҳар йили камида бир маротаба ўтказилади.

5.6. Бирлашма кенгаши:

конференциялар оралиғида Федерация Кенгаши таркибидаги ўз вакилларини чақиртириб олиш ва уларнинг ўрнига бошқа вакилларини сайлайди;

бирлашма кенгаши раёсати таркибини сайлайди;

бирлашма таркибидан чиққан ёки чиқарилган касаба уюшмалари ташкилотидан вакил қилинган кенгаш аъзоларини ўз таркибидан чиқаради,  уларнинг ўрнига бошқа аъзоларни сайлаш ёки конференция томонидан тасдиқланган кенгашнинг сон таркибини ўзгартиради;

бирлашма раиси ўринбосарини, конференциялар оралиғида, айрим (жумладан ўз ҳоҳишига кўра лавозимидан озод этиш ҳақида ариза берган, бошқа ишга ўтган, саломатлиги ёмонлашганлиги туфайли ўз вазифаларини бажара олмаган) ҳолларда бирлашма раисини сайлайди ва вазифасидан озод этади, бирлашма кенгаши таркибига аъзо ташкилотлар томонидан янгидан вакил этилганларнинг ваколатларини тасдиқлайди, бирлашма кенгаши аъзолари таркибини тўлдиради;

бирлашма кенгаши раёсатининг ҳисоботини тинглайди, аъзо ташкилотлар ўртасида юзага келган касаба уюшмалари фаолиятига доир низоларни кўриб чиқади;

зарурат туғилганда касаба уюшмалари фаолиятининг турли йўналишлари бўйича комиссиялар тузади;

Федерация Қурултойи, бирлашма конференцияси, Федерация Кенгаши, Федерация Кенгаши Раёсати қабул қилган қарорларнинг ижросини таъминлайди;

бирлашманинг конференциясини чақиради, кун тартибини таклиф этади ҳамда бирлашма кенгашини шакллантириш, делегатларни сайлаш тартиби ҳамда меъёрини белгилайди;

Федерация Кенгаши томонидан белгиланган тартибда бирлашма мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади, бирлашма кенгаши мажлислари оралиғида мазкур ваколат бирлашма кенгаши раёсати томонидан амалга оширилади ва кейинчалик бирлашма кенгаши тасдиғига киритилади;

Федерациянинг Устави ва мазкур Низомга зид бўлмаган бошқа масалаларни ҳал этади.

5.7. Бирлашма кенгаши аъзо ташкилотларнинг касаба уюшмаси бюджети бўйича молиявий фаолиятига аралашмайди, аммо Федерация сайланма органлари қарорларининг бажарилишини назорат қилиш доирасида ушбу масалада аъзо ташкилотлар фаолиятини ўрганиши ҳамда масалани бирлашма кенгаши раёсати муҳокамасига киритиши мумкин.

5.8. Бирлашма кенгаши ягона ижтимоий тўлов ва касаба уюшмаси бюджети  бўйича маблағларнинг тўлиқ тушиши ва тўғри сарфланиши ҳамда Федерация Кенгашига ажратмалар ўз вақтида ва тўла ҳажмда ўтказилишини таъминлайди, бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни тақдим этади.

5.9. Бирлашма кенгаши раёсати:

Бирлашма кенгаши мажлислар оралиғида жорий масалаларни ҳал этиш учун раёсатни (кейинги ўринларда “Кенгаш раёсати” деб аталади)  сайлайди.

Кенгаш раёсати таркибига бирлашма раиси, унинг ўринбосари, бирлашма кенгаши  томонидан сайланган бошқа аъзолар киради.

5.10. Кенгаш раёсати мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

5.11. Кенгаш раёсати:

бирлашма кенгаши мажлислари оралиғида бирлашма мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади ва кейинчалик бирлашма кенгаши тасдиғига киритилади;

касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, бирлашма кенгашининг моддий-техник базасини кучайтириш, интитуционал ривожлантириш мақсадида Федерация Кенгаши билан келишган ҳолда бошқа давлатларнинг касаба уюшмалари, халқаро ташкилотлар, экологик ва бошқа фондлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, ҳамкорликда лойиҳаларни тайёрлаши ва амалга оширишда иштирок этиши мумкин;

бирлашманинг молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширади, Федерация Кенгаши Раёсати билан келишган ҳолда бирлашма кенгашининг касаба уюшмаси ва ижтимоий суғурта бюджети бўйича даромадлар ва харажатлар сметасини, мазкур бюджетлар ҳисобидан санаторийларга йўлланмаларни тақсимлаш режасини тасдиқлайди;

ҳудуддаги касаба уюшмалари ташкилотларига касаба уюшмалари ва бошқа тизимдаги санаторийларга йўлланмалар беради ҳамда болалар оромгоҳларини  молиялаштириш масалаларини ҳал этади;

касаба уюшмаси маблағлари, шунингдек ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлайди;

бирлашма кенгаши мажлисини чақиради, кун тартибини таклиф этади ҳамда уни ўтказиш вақти ва жойини белгилайди;

Федерация Кенгаши Раёсати қарори асосида бирлашма кенгаши аппаратининг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

аъзо ташкилотларда касаба уюшмалари аъзоларини ижтимоий-иқтисодий манфаатларини, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини ўқитиш, иш юритишни ташкил этиш, маданий ва маърифий тадбирларни ўтказиш ишларини мувофиқлаштириб туради, ўрганади, амалий ёрдам кўрсатади, зарур ҳолларда кенгаш раёсати мажлисида муҳокама этади;

касаба уюшмаларининг ўрта ва қуйи бўғин органлари раҳбарлари ҳамда ходимлари учун касаба уюшмалари Республика ташкилотлари билан ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ўқув-семинарлар ташкил этади;

Федерация Кенгаши, Федерация Кенгаши Раёсати қарорларига мувофиқ қуйи ташкилотлар учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқиши мумкин;

касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини Федерация Кенгашининг Фахрий ёрлиғи, нишонлари билан тақдирлаш, шунингдек давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисида таклифлар, тақдимномалар киритади;

бирлашма кенгаши ваколат берган бошқа вазифаларни бажаради.

5.12. Бирлашма раиси:

бирлашма кенгаши, кенгаш раёсати аъзоси ҳамда раиси ҳисобланади ва беш йил муддатга сайланади.

бирлашманинг сайланма органлари ишига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Бирлашма Кенгаши ва Кенгаш Раёсати қарорларини имзолайди;

Бирлашма Кенгаши аппарати фаолиятига бевосита рахбарлик қилади;

бирлашма кенгаши аппарати ходимлари билан меҳнат шартномасини тузади (бекор қилади), ходимларнинг функционал вазифаларини, бирлашма кенгаши аппаратининг бўлимлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлайди;

бирлашма кенгаши аппаратининг фаолияти билан боғлиқ фармойишлар чиқаради;

бирлашма кенгаши аппарати ходимлари ўртасида ҳамкорликни таъминлайди, бўлимларда белгиланган тадбирларнинг бажарилишини назорат қилади;

бирлашма кенгаши аппарати ходимлари томонидан ижро интизомига риоя этилишини таъминлайди ҳамда назорат қилади, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилади;

тармоқ касаба уюшмалари Республика ташкилотларлари билан ҳудуд бўйича масъул ташкилотчи лавозимига номзодларни келишади;

касаба уюшмалари Республика ташкилотларининг ҳудуд бўйича масъул ташкилотчилари билан туман, шаҳар кенгашлари раислари лавозимига номзодларни келишади;

Бирлашма номидан хўжалик ва бошқа турдаги шартномалар тузади;

касаба уюшмаси ва ижтимоий суғурта бюджети маблағлари бўйича кредит бошқарувчиси ҳисобланади ва уларнинг мақсадли сарфланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади;

бирлашманинг сайланма органлари унга ваколат берган бошқа вазифаларни бажаради.

5.13. Бирлашма тафтиш комиссияси:

Бирлашма конференцияси томонидан бирлашма кенгашининг ваколат муддатига тенг муддатга сайланади ва жамоатчилик асосида фаолият юритади;

ўз фаолиятида мустақил бўлиб, фақат бирлашма конференцияси олдида ҳисобот беради.

Федерация Устави, мазкур Низом ва бирлашма конференцияси томонидан қабул қилинадиган «Бирлашманинг тафтиш комиссияси тўғрисида Низом»га мувофиқ фаолият олиб боради.

5.14. Бирлашма тафтиш комиссиясининг фаолияти Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси томонидан бевосита мувофиқлаштириб ва йўналтириб турилади.

5.15. Бирлашма кенгаши аппарати бирлашма органлари мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш учун шакллантирилади ва доимий асосда фаолият юритади.

Бирлашма кенгаши аппарати ўз фаолиятини бирлашма раёсати томонидан тасдиқланган регламент асосида амалга оширади.

5.16. Бирлашма кенгаши аппарати:

аъзо ташкилотларнинг меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга оид талабларини давлат органларида қўллаб-қувватлайди, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун  қонунларда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади;

бирлашма кенгаши ва раёсати мажлисларида муҳокама этиладиган масалалар юзасидан тегишли ҳужжатларни тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши назоратини ташкил қилади;

бирлашма номидан иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳудудий келишув тузиш учун музокаралар олиб боради, тузади, унинг амалга оширилишини назорат қилади;

белгиланган тартибда жамоа шартномалари лойиҳаларини экспертизадан ўтказади, уларнинг бажарилишини таҳлил қилади ва ҳисобини юритади, аъзо ташкилотларга бу борада амалий ёрдам кўрсатади;

ҳудуддаги давлат бошқаруви органлари, идора, ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди;

ҳудудда иш ҳақи, ходимнинг соғлигига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан бериладиган зарар тўловларининг ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик назоратини олиб боради;

ҳудудий меҳнат бозоридаги вазиятни таҳлил қилиб боради, янги иш ўринларини яратиш дастурига таклифлар киритади ва янги иш ўринлари яратилганлигига доир маълумотларнинг ҳаққонийлигини жойларга чиқиб ўрганиш ишларини мувофиқлаштириб боради;

ҳудудда иш ўринлари қисқартирилиши ёки корхоналар тугатилиши  натижасида бўшатиб олинган ходимларга қўшимча моддий мадад чоралари берилиши ва улар ишга жойлаштирилишини назорат қилади;

яширин ишсизлик ва норасмий бандликни чеклаш борасида аъзо ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатади;

касаначилар, вақтинчалик, мавсумий ходимлар  манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштиради;

коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш ишларини мувофиқлаштириб боради;

меҳнаткашларга қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномаларида назарда тутилган ижтимоий ҳимоя чоралари қўлланилиши устидан назоратни ташкиллаштиради;

меҳнат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан иш берувчиларга талабномалар киритади;

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларига ҳудудда риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этади;

касаба уюшмаларининг устав вазифалари доирасига кирувчи масалалар юзасидан жамоатчилик назоратининг барча шакллари (давлат органларига мурожаат қилиш, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик текшируви, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳоказолар)дан фойдаланади;

касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини ўқитиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш соҳасида иш олиб боради;

янги ташкил этилаётган корхоналарни фойдаланишга қабул қилишда касаба уюшмалари вакиллари иштирокини таъминлайди, рўйхатдан ўтган корхона ва ташкилотлар рўйхатини шакллантиради, касаба уюшмалари Республика ташкилотлари билан ҳамкорликда уларни касаба уюшмаларига жалб этиш чораларини кўради;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат ва хўжалик бошқарув органларининг меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини камситувчи ва амалдаги қонунларга зид қарорларини бекор қилишга, ижросини тўхтатишга ва ўзгартиришга эришади.

 Бирлашма коллегиал органлари мажлисларининг

  1. тўла қонуний ҳуқуқли бўлиши, уларда қарорлар қабул қилиш
    ва овоз бериш шакллари

 6.1. Бирлашма конференцияси делегатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этгандагина ҳуқуқли (ваколатли) ҳисобланади.

6.2. Бирлашма кенгаши, кенгаш раёсати, бирлашма тафтиш комиссияси мажлислари ушбу сайланма органлар аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ҳуқуқли (ваколатли) ҳисобланади.

6.3. Бирлашма конференцияларида, бирлашма кенгаши, кенгаш раёсати, бирлашма тафтиш комиссияси мажлисларида иштирок этаётган делегатлар ёки аъзоларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарорлар қабул қилинган ҳисобланади.

Овоз бериш шакли (очиқ ёки яширин) бирлашма конференцияси  делегатлари, сайланма органлар аъзолари томонидан белгиланади.

 VII. Бирлашманинг маблағлари ва мулки

 7.1.  Бирлашма маблағлари аъзо ташкилотлардан тушган бадаллар ҳисобидан Федерация Кенгашининг ажратмалари, ягона ижтимоий тўловларидан ажратмалар, ишлаб чиқариш, хўжалик ва қонун билан рухсат этилган бошқа фаолиятдан тушадиган маблағлардан ташкил  топади.

7.2.  Бирлашма кенгаши амалдаги қонунчиликка биноан ва Федерация Кенгаши томонидан белгиланган тартибда ўзига тегишли маблағларга ва мулкка эгалик қилади, улардан фойдаланади ва тасарруф этади.

7.3. Бирлашма кенгаши амалдаги қонунларда белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, суғурта ва акциядорлик жамиятларини,  ўзига тегишли ва қўшма корхоналарини ташкил этиш, мақсадли жамғармаларни шакллантириши мумкин. Бирлашма кенгашининг даромадлари аъзо ташкилотлар ўртасида тақсимланмайди ҳамда Федерация Уставида кўзда тутилган мақсадларга сарфланади.

7.4. Бирлашма кенгаши касаба уюшмалари мулкини акциядорлик жамиятига айлантириш, сотиш, сотиб олиш, ижарага ёки текин фойдаланиш учун бериш масалаларини ҳал этишда фақат Федерация Кенгаши Раёсатининг рухсати билан иш кўради.

7.5. Бирлашма кенгаши Федерация Кенгаши билан келишилган ҳолда, ишлаб чиқариш, хўжалик ва қонун билан рухсат этилган бошқа фаолиятдан тушадиган маблағларни янги иш ўринларини яратиш, касаначиликни ривожлантириш ҳамда Устав ва мазкур Низомда белгиланган вазифалар доирасида маданий-оммавий, спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш мақсадларига сарфлаши мумкин.

7.6. Бирлашма мулкининг дахлсизлиги ва унинг мулкдорлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан кафолатланади

 VIII. Бирлашманинг юридик шахс сифатидаги ҳуқуқлари

 8.1. Бирлашма юридик шахс ҳисобланади. У ўз муҳри, штамплари, бланклари ва банкларда ҳисоб рақамларига эга.

8.2. Бирлашма ўз бланкида Федерация рамзи тасвиридан фойдаланиши мумкин.

 Бирлашманинг ҳисоб ва ҳисоботи

 9.1. Бирлашма ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органлари, шунингдек Федерация Кенгашига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

 Бирлашмани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби

 10.1. Бирлашма Федерация Кенгаши қарори билан қайта ташкил этилади ёки тугатилади.

Бирлашмани қайта ташкил этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

10.2. Бирлашмани тугатиш ҳақида Федерация Кенгаши томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, Федерация Кенгаши Раёсати қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш комиссиясини тайинлайди, шунингдек, кредиторлар талаби қаноатлантирилгандан сўнг қолган мулки Федерация Кенгашига ўтказилади.

10.3. Бирлашма фаолиятини тўхтатиш, шунингдек, Бирлашмани тугатиш  Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши мумкин.

 Якуний қоидалар

 11.1. Мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Федерация Кенгаши Раёсатининг ваколатига киради.

11.2. Низомга киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказиш учун вилоят Адлия бошқармасига тақдим этилади.

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!