Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

Ижтимоий тармоқларда 2021 йил 6 март куни эълон қилинган “UzAvto Motors” (GM) ходимлари иш ташлаш қилмоқда экан” сарлавҳали видеомурожаат юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Шу йил 6 март куни ижтимоий тармоқларда “UzAvto Motors” (GM) ходимлари иш ташлаш қилмоқда экан” сарлавҳали видеомурожаат эълон қилинди. Унда “UzAvto Motors” акциядорлик жамияти бир гуруҳ ходимлари иш ҳақи кам тўланаётганлиги юзасидан эътирозларини баён этишган. Шунинг баробарида, мазкур масала юзасидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилганликларини, бироқ ҳеч жавоб берилмаганлигини ҳам иддао қилинган.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси видеомурожаатда кўтарилган масалаларнинг касаба уюшмалари билан боғлиқ қисмини ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва асоссиз маълумот деб ҳисоблайди.

Ҳақиқатан ҳам, “UzAvto Motors” АЖ корхонасининг автогаражида ишловчи айрим ҳайдовчи ходимлар 2021 йилнинг 5 январь куни ўзларининг “ойлик маошлари аввалгидан камайиб кетганлиги ҳақида” вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилишган. Мурожаат тегишли равишда рўйхатга олиниб, бирлашма меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Э.Тешабоев ва металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ш.Бутаевлар томонидан ўрганиб чиқилган.

Жумладан, мутахассислар корхонага бориб, раҳбарият билан учрашиб, ҳолат юзасидан тушунтириш сўрашган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида, ҳақиқатан ҳам, ҳайдовчиларнинг ойлик иш ҳақлари сезиларли равишда камайганлиги аниқланган. Корхона раҳбарияти иш берувчи ва ходимлар ўртасида чиндан-да шундай низо борлигини, масалага ойдинлик киритиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳи  томонидан ўрганилаётганлигини, ишчиларнинг норозилигига ойликни ҳисоблаш дастурида хато бўлганлиги оқибатида аввалги даврда иш ҳақлари кўп ҳисобланиб кетганлиги сабаб бўлганлигини билдирган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан ҳайдовчиларнинг зикр этилаётган даврда бажарган ишларини тасдиқловчи ҳужжатлар қайта кўрилиб, ўрганиб чиқилаётганлиги сабабли ойлик иш ҳақлари бироз камайганлигини, бу ҳақда ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар якуни бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, бирлашма томонидан жорий йилнинг 3 февраль куни фуқаро М.Неъматов ва бошқаларга ГА-10/55 сонли жавоб хати юборилиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш якунлари бўйича қўшимча жавоб хати юборилиши маълум қилинган.

Юқоридаги видеомурожаат юзасидан вилоят ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Халилов, вилоят бандлик бош бошқармаси ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари корхона гаражига бориб, корхона раҳбарияти иштирокида ҳайдовчилар билан суҳбатлашилди.

Суҳбат жараёнида ҳайдовчиларнинг фикрлари тингланиб, уларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилиб, қонунчилик бўйича тушунчалар берилди.

Суҳбат якунида иш берувчининг вакиллари томонидан жорий йилнинг 9 март куни ўрганиш якунлари бўйича ходимлар билан қўшимча йиғилиш ўтказилиши маълум қилинди.

  Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси матбуот хизмати.

 

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!