“Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишлаб “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан буён “28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана арафасида дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан юртимизда ҳам иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 24 апрель куни Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасининг мажлислар залида “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишлаб, «Меҳнат шароитлари» фотокўргазмаси ҳамда “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур Давра суҳбати вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан ўтказилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вилоят меҳнат Бош бошқармаси, вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, “Саноатгеоконтехназорат” Андижон минтақавий инспекцияси, “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими, “Андижон вилоят Бош тиббий-меҳнат эксперт комиссияси вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини Бирлашма раиси Ш.Балтабаев кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, давра суҳбати давомида “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бош юристконсульти Гўзалхон Бабаниязова, “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш тўғрисида” Андижон вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази меҳнат гигиена бўлинмаси мудири Рашидахон Джабборова, “Ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериш, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларини ҳамда бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида” Вилоят меҳнат Бош бошқармасининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат меҳнат техник инспектори Ибайдилло Мамадалиев, “Хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида” “Саноатгеоконтехназорат” Андижон минтақавий инспекцияси вакили Зафарбек Мўйдинов, “Энергетика соҳасида хавфсизлик таъминланишига йўналтирилган хавфсизликни олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими етакчи муҳандиси Мамиржон Мирзакаримов, “Меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган шахсларнинг касбий меҳнатга лаёқати йўқотилиши даражасини белгилаш тўғрисида” Андижон вилоят Бош тиббий-меҳнат эксперт комиссияси касаба уюшма кўмитаси раиси Абдукарим Мўйдинов ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳада касаба уюшмаларининг роли тўғрисида” Андижон Давлат тиббиёт институти клиникаси касаба уюшма кўмитаси раиси Азимжон Юлчиевнинг маърузалари тингланди.
Сўзга чиққанлар аҳолига муносиб меҳнат шароитини яратиш, иш жойида ходимлар рухиятига таъсир этувчи омиллар, уни бошқариш усуллари, бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун унинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Тадбир сўнгида иштирокчилар билан жонли мулоқот ўтказилиб, уларнинг меҳнат мухофазасига оид саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад – меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимлар рухиятининг турли кўринишларини мутахассисларга ва ишчи-ходимлар саломатлигига хавф солувчи унсурларнинг олдини олиш ва иш жараёнида соғлом муҳитни яратишдан иборатдир.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
Бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими
етакчи мутахассиси: Азизбек Комилов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: