Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг IV мажлиси якунлари тўғрисида

2016 йилнинг 8 август куни Андижон шаҳрида Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг навбатдаги IV мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда, аввало, Бирлашманингнинг 2016 йил I ярим йиллигидаги фаолият якунлари ва келгуси вазифалар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Бирлашма Кенгаши раиси Қ.Парпиев маъруза қилди.

Унда, Бирлашма Кенгаши томонидан 2016 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси доирасида касаба уюшмалари тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан, Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши аппаратининг мутахассислари томонидан меҳнаткашларнинг 96 та мурожаати ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди. Касаба уюшма органларига келиб тушган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши натижасида 20 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланишига ва улар фойдасига 2,6 млн. сўм миқдордаги зарар ундириб берилишига эришилди. Касаба уюшмалари тизимидаги «Ишонч телефонлари»га ҳамда ҳудудий бирлашмаларда ташкил этилган «Жамоатчилик қабулхоналари»га мурожаат этган 30 та янги тадбиркорлик субъектларига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2 мингдан ортиқ оила ҳамда 2 минг 300 дан зиёд фуқароларга жами 870 млн. 31 минг сўмлик ижтимоий кўмак берилиши таъминланди.

Янгидан ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этган ҳолда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди. Амалга оширилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида қарийб 3 минг 392 та хўжалик суъектида меҳнат қилаётган 18,2 минг нафардан ортиқ ходимлар касаба уюшмалари аъзолигига жалб этилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир туман ва шаҳарда коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринларини яратиш бўйича манзилли дастур асосида жойларда 428 та янги иш ўрни яратилди. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 110 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. 1700 нафардан зиёд ёш оилалар вакиллари касаба уюшмалари ва иш берувчилар шериклигида моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 1 минг 453 нафар фарзандлари учун 70 млн. 651 минг сўмлик ўқув анжомлари олиб берилди. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 485 нафар аёлларга 134 млн. 526 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Кўп болали ҳамда олис ва чекка ҳудудларда мураккаб иқлим шароитида яшовчи 6 нафар аёл касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди.

Мазкур Давлат дастури доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 6 мрд. 979 млн. 622 минг сўм сўм маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари «Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури» бажарилишида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Федерация Кенгаши томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, «Камолот» ЁИҲ, Фанлар академияси, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этган 14 та номинация бўйича «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг 1- ва 2-босқичларини ўтказиш юзасидан барча ташкилий ишлар амалга оширилди.

Жорий йилнинг 15 майидан 15 июнига қадар бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда мазкур танловнинг биринчи босқичи ўтказилди, 30 июнга қадар танловнинг вилоят босқичи ташкил этилиб, ғолиблар муносиб равишда тақдирланди.

Ҳисобот даврида Федерация Кенгаши тасарруфидаги санаторийларда 2200 нафарга яқин аҳоли вакилларини соғломлаштирилишига эришилди, шундан, 1186 нафари касаба уюшма бюджети ҳисобидан соғломлаштирилиб, уларнинг 599 нафарини ишчи-ходимларнинг оила аъзолари ташкил этди.

Мутасадди бошқармалар ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилди ва айни дамда мавсум қизғин давом этмоқда.

Мажлисда ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим тармоқ туман, шаҳар кенгашлари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятидаги камчиликлар ҳам танқидий муҳокама этилди ва бу борада мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Мажлисда Бирлашма Кенгаши ва Кенгаш Раёсати таркибига айрим аъзоларнинг бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан тегишли ўзгартишлар киритилди.

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!