Тарғибот тадбири ўтказилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII қурултойи ўтган кун – 11 ноябрь санаси нафақат 5,5 миллиондан ортиқ аъзоларни бирлаштирган касаба уюшмалари тизимида ишлаётган ходимлар, балки бутун халқимиз учун бир умр эсда қоларли ҳодиса сифатида тарих зарварақларига муҳрланди.
Давлатимиз раҳбари қурултой иштирокчиларига табрик йўллади. Президентимиз таклифи билан 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни сифатида нишонланадиган, Касаба уюшмалари Академияси ташкил этиладиган бўлди.
Айни кунларда жойларда Президент табригининг мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган вазифалар ижроси, делегатларнинг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга мурожаати мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Касаба уюшмалари фаоллари, аъзолар, давлат ва нодавлат ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этаётган ушбу тадбирларда иштирокчилар Юртбошимизнинг касаба уюшмаларига қаратаётган эътиборидан беҳад мамнун бўлишгани, бу ўзларига фаолиятида янги куч, янги руҳ берганини эътироф этишмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон туман тиббиёт бирлашмасида ишчи-ходимлар иштирокида бўлиб ўтди.
Тадбир бошида “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари” видеофильми намойиш этилди. Шундан сўнг, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Ташкилий ишлар бўлими мудири Ҳамидулло Матисаев, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Анваржон Арзиев ва тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳодиржон Эгамбердиевлар ишчи-ходимлар билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг саккизинчи қурултойи иштирокчиларига йўллаган табриги, Қурултой делегатларининг мамалакатимиз халқи, ишчи-мехнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаати юзасидан фикр алмашдилар.
Мазкур бирлашмада 2880 киши меҳнат қилади. Уларнинг 1902 нафари хотин-қизлар, 691 нафари ёшлар. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тавсиялари асосида иш берувчи ҳамда бошланғич қўмита уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий муҳофазаси, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш борасида намунали тизим яратган. Ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдириш, ички туризм йўналишида тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш, маданий-маърифий тадбирлар, касб касалликларини олдини олиш мақсадида даврий тиббий кўрик ҳамда доимий гимнастика ва спорт машғулотлари учун шарт-шароит яратиш борасида ҳавас қилгулик натижаларга эришилмоқда.
Тарғибот тадбирида сўз олган иштирокчилар касаба уюшмалари тарихида янги давр бошланганлигини, айниқса, давлат раҳбарининг Қурултой иштирокчиларига йўллаган табрикларида касаба уюшмалари фаолиятига юқори баҳо берганликлари, бу юксак эътироф касаба уюшмалар ходимларини тўлқинлантириш билан бирга, елкаларига катта масъулият ҳам юклаганини қайд этиб ўтдилар.
Шунингдек, мулоқотда мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан, барчани қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари, адолатли ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш, айниқса, аёллар ва ёшлар манфаатдорлигини ошириш юзасидан бир қатор қўшимча имтиёз ва кафолатлар жорий этиш борасида иш берувчи билан ҳамкорликда ҳаракат режаси ишлаб чиқилаётгани таъкидланди. Меҳнат муносабатларига оид натижаларни яна бир поғона юксалтириш, ҳар жабҳада “инсон манфаатлари муҳим” деган тамойил асосий мезон бўлиб қолиши қайд этилди. Бунга жавобан ишчи-ходимлар фаоллари ҳам меҳнатда янада яхши кўрсаткичларга эришиш йўлида бор билими ва куч-ғайратини сафарбар этишларини айтиб ўтдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: