Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

КОРРУПЦИЯ – МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИККА ТАҲДИД

    Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид ” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

    Унда манфаатдор бошқарма ва идоралар, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари фаоллари иштирок этди.

    Семинарнинг очилишида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раисининг ўринбосари Ҳамидулло Матисаев мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

   Коррупция – мансаб ваколатидан фойдаланиб, манфаатдорлик эвазига амалга оширилган ҳаракатлар, содда қилиб айтганда, порахўрлик жамиятимизда ҳамон мавжудлиги сир эмас. Буни пора олиб, пора бериб ёки бу жараёнда воситачилик қилиб қўлга тушаётганлар билан боғлиқ аниқ далиллар борлиги кўрсатиб турибди.

    Муҳими, айни пайтда биз бу жараёнга бефарқ эмасмиз. Давлат даражасида коррупцияга қарши курашиш бошлангани жамиятда бу иллатга нисбатан муросасизлик кайфиятини уйғотди.

    Буни халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этмоқда. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзернинг фикрича, Ўзбекистон олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлида ютуқларга эришмоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди, айниқса жамоатчилик назорати кучайди. Бу жараёнда оддий аҳоли вакилларининг иштироки ҳам сезилаётгани қувонарли. Очиқлик, шаффофлик кўплаб соҳаларда яққол сезилди. Давлат хизматлари кўрсатиш яхшиланди. Буларнинг барчаси коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этилганидек, жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган принципни қарор топтириш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.

     Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти” мавзусида маъруза қилган Андижон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Зафарбек Қодиров Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга оид тизимли ишлар ҳусусида тўхталди.

    Ўзбекистон 2008 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясини ратификация қилган. 2010 йили мамлакатимиз Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракат дастурига қўшилди.

    – Дунёда ҳеч бир давлат коррупциядан холимиз, деб айта олмайди. Шунинг учун бу иллатга қарши курашиш доимийлик касб этиши зарур, –дейди Андижон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Зафарбек Қодиров. – Бу борада БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мазкур конвенцияга қўшилгач, қонун устуворлигини таъминлаш, суд ва ҳуқуқ-тартибот соҳаларини мустаҳкамлаш, муҳими, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар профилактикасига эътиборни кучайтиргани диққатга сазовор. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилади, деб алоҳида таъкидлади ва буни амалда таъминлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

    Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.

    Шунингдек, семинарда Андижон вилояти прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга карши кураш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Рустам Раҳмоновнинг “Коррупцияга қарши курашиш бўйича Андижон вилоят идоралараро комиссияси томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги маърузаси тингланди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланди. Бош прокурор раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси шакллантирилиб, унинг низоми тасдиқланди.

    Бош прокуратура Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ишчи органи этиб белгиланган. Комиссия таркибига мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар, умумий ҳисобда 43 нафар аъзо киритилган.

    – Идоралараро комиссия томонидан ўтган даврда коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ташкилий-ҳуқуқий ишлар ва амалий тадбирлар рўёбга чиқарилди, – дейди Андижон вилояти прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга карши кураш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Рустам Раҳмонов. – Коррупцияга қарши курашиш таомилларини ўз ичига олган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бир қатор идоравий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашишда, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Бу йўналишда ҳуқуқий тарғибот ишлари кучайтирилаётгани натижасида аҳолида коррупция иллатига нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилга нисбатан жорий йилда қисқаргани бунинг яққол тасдиғидир.

    Семинарда маъмурий ислоҳотларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва ташкилий-амалий ишларни амалга оширишдаги муҳим ўрни, давлат органларида коррупцияга қарши курашишга оид мониторинг натижалари, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги каби масалалар бўйича фикр алмашилди.

      Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Фарходбек Атаханов  ва бошқалар коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатиб, жамиятда қонун устуворлигининг заифлашишига, пировардида инсонлар ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлишига олиб келишини таъкидлади. Мамлакатимизда иқтисодий жиноятлар ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган, иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича аниқ тизим ишлаб чиқилган.

    Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда давлат ва хусусий шерикликни кўчайтириш, бу жараёнда жамоат ташкилотларининг ролини ошириш, уларнинг бу фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, қонунларни қабул қилишда фуқароларнинг фаоллигини ошириш чораларини кўриш зарурлиги ҳамда касаба уюшмалари ташкилотлари ходимлари ўртасида қонун бузилишларининг олдини олиш, профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш бўйича амалдаги тизимни ўрганиш, бу борада қабул қилинган идоравий норматив-ҳужжатларни амалда қўллаш самарадорлигини янада ошириш ҳамда улар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш бевосита коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим мезони бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

      Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Бирлашма раисининг ўринбосари

Ҳ.Матисаев

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!