Меҳнаткашлар Тошкент шаҳрига саёҳат қилдилар
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2023 йилга мўлжалланган иш режаси доирасида жорий йилнинг 20 январь куни Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши томонидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида вилоятдаги бир гуруҳ ёшлар, ишчи-ходимлар ва меҳнаткашлар оила аъзоларининг Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Ушбу саёҳат мазмун-моҳиятига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ички туризмни ривожлантириш ва шу орқали юртимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва тарихий ёдгорликлар билан меҳнаткашларни яқиндан таништириш орқали уларни маданий-маърифий қўллаб-қувватлаган ҳолда улар маънавиятини юксалтириш, меҳнаткашларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва энг муҳими улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини уйғотишдан иборатдир.
Ташкил этилган саёҳатда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган 50 нафар ишчи-ходимлардан иборат саёҳатчилар пойтахтимизда барпо этилган “Тashkent city” мажмуи, Ислом Каримов музейи, “Ғалаба боғи”, “Янги Ўзбекистон боғи”, “Занги ота” зиёратгоҳи, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ҳазрати Имом мажмуаларида бўлдилар.
“Тошкент шаҳрига биринчи келишим” – дейди “Андижонфуқаролойиҳа” МЧЖ фарроши Ҳафизахон Рахмонова. “Мустақиллик йилларида янгидан чирой очган шаҳар манзараларидан баҳраманд бўлдим, айниқса янгидан қурилган осмонўпар бинолар, умуман олганда улуғ тарихимиз ва бугунги тараққиётимизга гувоҳ бўлиб, олам-олам таассурот билан қайтдим. Ана шундай мазмунли ҳордиқ ва зиёрат учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерасиясига ҳамда Федерациянинг Андижон вилояти Кенгаши раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман”.
Шунингдек, “Мен бу саёҳатдан мазмунли ҳордиқ олдим ва янги дўстлар орттирдим” -дейди Андижон шаҳар 13-умумтаълим мактаби лаборанти Хилолахон Абдухалилова. “Бугунги Тошкентнинг ўзгаришларини кўриб, гапнинг очиғи қалбимда ажиб бир ҳис туйғу жўш урди. Шундай гўзал ва бетакрор она Ватаним – Ўзбекистонда яшаётганимдан фахрландим. Бу каби саёҳатлар биз ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбияланишимизда, Ватанга садоқат, меҳр ва муҳаббатли бўлишимизда, тинч ва осойишта юртимизни асраб-авайлашимизга, тинчлик қадрига етишимизга ундаши шубҳасиздир”.
Ушбу саёҳатлар давомида ишчи-ходимларга пойтахт ва пойтахт вилоятидаги тарихий қадамжолар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Вилоятнинг корхона, ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган ёшлар, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саёҳатдан юқори маънавий озуқа олиб, ватанпарварлик руҳи ва янги таассуротлар билан қайтдилар.
Ҳамидулло МАТИСАЕВ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши Ташкилий ишлар бўлими мудири
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: