«МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ АҲАМИЯТГА МОЛИК МАСАЛАЛАР» МАВЗУСИДА ВИЛОЯТ ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида Давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017-2019 йилларга имзоланган Бош келишувга мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилоти бирлашмаси, Бандлик Бош бошқармаси, Молия бошқармаси, тармоқ касаба уюшмаларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, тегишли идора ва ташкилотлар, иш берувчилар вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатда вилоят даражасида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар муҳокама этилиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, иштирокчилар томонидан бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш масалалари бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашиниб, галдаги вазифалар келишиб олинди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, кейинги йилларда республикамизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг реал пул даромадларини ва ҳарид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш, янги иш ўринларини яратиш аҳамияти бениҳоят катта эканлиги таъкидланди.
Мазкур жараёнларда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Биргина 2019 йил ҳисобот даври давомида касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига фуқаролардан келган меҳнат соҳасига оид 169 та мурожаат кўриб чиқилиб, Мазкур мурожаатларнинг 40 таси қаноатлантирилди, 69 таси бўйича хуқуқий тушунтиришлар берилди, 4 та мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиқини топмаганлиги сабабли рад этилди, 34 та мурожаатни муаллифлар хабардор қилинган ҳолда таалуқлилиги бўйича бошқа ваколатли идораларга юборилди, 9 таси Низом талабларига мувофиқ кўрмай қолдирилиб, 3 нафар фуқароларнинг мурожаатлари фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судида кўриб чиқилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 40 нафар шахсларнинг ҳуқуқлари тикланиб, 35 млн. 854 минг 827 сўм пул маблағлари ундирилди.
Бугунги кунда Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда вилоятимизди 1 та ҳудудий, 10 мингдан зиёд жамоа шартномалари амал қилмоқда. Мазкур локал ҳужжатлар меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ходимлар учун кўплаб имтиёз ва кафолатлар яратилишига хизмат қилмоқда. Касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари ва келишувларининг мазмун-моҳиятини давр талаби асосида зарур тадбирлар билан бойитиш, ижтимоий таркибини кенгайтириш, бу орқали ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жамоа келишувларига ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловларни ўрнатиш тартибини белгилаш, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатиш, тегишли тармоқ хусусиятларидан келиб чиқадиган бошқа масалаларга оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилган. Шунингдек, уларда ижтимоий кафолатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштиришни ташкил этиш масалалари акс эттирилган.
Вилоят миқёсида ўтказилган давра суҳбатига қўйилган масалалар вилоят ҳокимлигининг тегишли бўлимлари, бошқармалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш бўйича тадбир ва вазифалар белгилаб олинди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди идоралар вакиллари томонидан батафсил жавоб олдилар.
Бирлашма аппаратининг Ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: