Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ҲАР БИРИМИЗДАН ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ, ФИДОЙИЛИК ВА ЖОНКУЯРЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ.

Андижон шаҳрида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VIII конференцияси бўлиб ўтди. Ҳисобот-сайлов конференцияси ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров, вилоятдаги ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари ҳамда давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Кун тартибидаги биринчи масала – Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2015 йил июлидан 2020 йил июлигача бўлган даврдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳамда ҳудуддаги касаба уюшмалари ташкилотларининг келгусидаги вазифалари юзасидан кенгаш раиси Шакиржон Мамажонович Балтабаевнинг маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида иқтисодиётдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда юртимиз ижтимоий ҳаётида ҳам улкан тараққиёт даври бошланди. Аҳолининг турмуш даражаси мунтазам равишда ошиб бормоқда. Муҳими, ҳаётбахш ислоҳотлар ва катта ўзгаришларда касаба уюшма ташкилотларининг муносиб ҳиссаси бор.

Ўтган йиллар мобайнида вилоятда тизимни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, тузилма ва кадрлар билан ишлаш механизмини такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. 

Бугунги кунда вилоятда 63 та тармоқ касаба уюшмалари шаҳар, туманлар кенгашлари, 1 та вилоят даражасидаги бирлашган қўмита,
2441 та бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари мавжуд бўлиб, улар ўз сафларига 343 минг 865 нафар касаба уюшма аъзоларини бирлаштирган.

Қайд этиш жоизки, нодавлат сектордаги корхона ва ташкилотларда бошланғич қўмиталарни тузиш, уларда ишловчиларни тизимга жалб этиш орқали ҳар томонлама муҳофаза қилинишига эришиш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 11 минг 648 та ана шундай корхона ва ташкилотларда касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, 99 минг 314 нафар ходим аъзоликка қабул қилинди.

Ҳисобот йилларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси, фуқаролар мурожаатлари эътибор марказида бўлди. Жумладан, Бирлашмага ўтган даврда жами 1047 та ёзма, оғзаки, ишонч телефони, электрон мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг барчаси қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда ўрганилди. Хусусан, иш берувчилар томонидан ноқонуний ишдан бўшатилганлиги билдирилган ариза ва шикоятлар юзасидан тегишли мутасаддиларга тақдимномалар киритилиб, уларни ўз лавозимларига ишга тикланишига эришилди ҳамда мажбурий прогул вақтлари учун жами 248 млн. 699 минг 373 сўм миқдоридаги хақлари ундириб берилди.

Ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, турли даражадаги масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш ютуқлар салмоғини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

 Ҳисобот даври бошида вилоят бўйича 98,4 фоиз ишловчилар жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган бўлса, охирги йилда бу кўрсаткич 100 фоизга етди. Ижтимоий шерикликнинг асосий воситаси бўлган Келишувлар ва жамоа шартномалари орқали ёш оилаларга фоизсиз ссудалар бериш, кам таъминланган, кўп болали оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, ишловчиларнинг олий ўқув юртлари талабаси бўлган фарзандларининг контракт тўловлари ҳамда мактаб ўқувчиси бўлган ўғил-қизлари учун ўқув қуролларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш каби қатор имтиёзлар амалда қўлланмоқда

Меҳнаткашлар ўртасида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини уюштириш, улар маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи ҳамда мустақиллик берган неъматларга шукроналик кайфиятини уйғотувчи, мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, обидалари, шунингдек, мустақиллик йиллари қад ростлаган мажмуаларга саёҳатлар уюштириш, ишловчилар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш соҳаларида ҳам мақтанишга арзигулик ютуқлар бор.

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнат жамоларида “Маънавият ва маърифат” хоналарини ташкил этиш, уларни замонавий кўргазмали воситалар билан жиҳозлаш масалаларида иш берувчилар олдига аниқ талаб ва таклифлар киритилиши натижасида бугунги кунда 1200 дан зиёд таълим муассасалари, 500 га яқин ишлаб чиқариш корхоналари ва 700 дан зиёд ташкилотларда “Маънавият ва маърифат” хоналари ёки бурчаклари фаолият кўрсатмоқда.

Ҳисобот йилларида касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан жами
8835 нафар ишчи-хизматчилар, шундан, 8094 нафари имтиёзли,
741 нафари бепул соғломлаштирилди.

Касаба уюшмалари аъзолик бадаллари маблағлари ҳисобидан эса жами 12450 нафар ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари имтиёзли соғломлаштирилган.

Шунингдек, ўтган ҳисобот йилларида фаолият кўрсатган 14 та стационар болалар оромгоҳларида меҳнаткашларнинг жами 43 минг 265 нафар болаларнинг мазмунли дам олиши ташкил этилди. Шундан, 4325 нафари бепул соғломлаштирилди.

Ҳисобот даврида “Андижон биокимё заводи” акциядорлик жамияти қошида барча талабларга жавоб берадиган ва қулайликларга эга бўлган
100 ўринли “Бўстон” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бунёд этилди.

Ҳисобот маърузасида фаолиятнинг турли қирралари бўйича йўл қўйилган камчиликлар ҳам тилга олинди.

Ишловчиларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашни янада такомиллаштириш, меҳнатни муҳофаза этиш, хавфсиз иш ва зарур маиший шароитларни яратиш, иш ҳақларининг ўз вақтида берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, жамоа шартномалари ва келишувлар орқали қўшимча ижтимоий-иқтисодий кафолатлар белгилашга эришиш, ҳар бир мурожаатни белгиланган муддатида, ижобий ҳал этилишини таъминлаш, хусусий корхоналарда бошланғич ташкилотлар тузиш орқали уларни касаба уюшмалари хизматига олиш ва ушбу жойларда ишловчиларнинг ҳар томонлама муҳофаза қилинишига эришиш ишларини жонлантириш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Анжуманда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тафтиш комиссияси раиси Асқарали Хатамқуловнинг ҳам маърузаси тингланди.

Шу куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
VIII қурултойига делегатлар сайланди. Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислигига Шакиржан Балтабаев қайта сайланди.

Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқди.

Ушбу конференцияда касаба уюшмалари ташкилотларининг келгусида амалга ошириладиган ишлари белгилаб олинди.

Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!