Қандай бахтсиз ходисалар текширилади ва ҳисобга олинади?
Савол: Қандай бахтсиз ходисалар текширилади ва ҳисобга олинади?
Андижон туманидан
Ботиров Рустам
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда шунингдек меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган айрим фуқароларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон Қарори билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида»ги Низомга асосан амалга оширилади.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ходимнинг меҳнат қобилияти камида бир кунга йўқотилса ёки тиббий хулосага мувофиқ, енгилроқ бошқа ишга ўтиши зарур бўлса, Н-1 шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилади. Иш берувчи текшириш тугагандан сўнг 3 суткадан кечиктирмай жабрланувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсларга давлат тилида ёки бошқа мақбул тилда расмийлаштирилган бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги Н-1 шаклдаги далолатномани бериш керак.
Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни тўғри ва ўз вақтида текшириши ҳамда ҳисобга олиши, Н-1 шаклдаги далолатномани тузиш, бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгардир.
Иш берувчи Н-1 шаклдаги далолатномани тузишдан бош тортса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс Н-1 шаклидаги далолатнома мазмунидан норози бўлса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс корхона касаба уюшма қўмитасига ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига мурожаат қилади.
Касаба уюшма қўмитаси 10 кун муддат ичида бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб чиқади, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари, меҳнат хавфсизлиги андозалари бузилишини аниқлайди, зарур деб ҳисобласа, иш берувчидан Н-1 шаклдаги далолатномани тузишни ёки қайта тузишни талаб қилади. Иш берувчи бу талабларни бажармаса, корхона касаба уюшмаси қўмитаси давлат меҳнат техника назоратчисига мурожаат қилади.
Иш берувчи давлат меҳнат техника назоратчиси хулосасини бажаришга мажбурдир. Бахтсиз ҳодиса сабабларини йўқотиш чора-тадбирлари кўрсатилган
Н-1 шаклдаги далолатнома уч нусхада тузилиши ва имзо чекилиб иш берувчи томонидан тасдиқланиши керак.
Иш берувчи тасдиқланган Н-1шаклдаги далолатномаларни 3 сутка давомида жабрланувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсга, текшириш материаллари билан бирга корхона меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари (муҳандиси, мутахассиси)га, давлат меҳнат техника назоратчисига юборади.
Н-1 шаклдаги далолатнома билан расмийлаштирилган бахтсиз ҳодисалар корхона томонидан ҳисобга олинади ва дафтарда қайд қилинади:
Қуйидаги бахтсиз ҳодисалар махсус текширилади:
– бир вақтнинг ўзида икки ва ундан зиёд ходимлар билан юз берган гуруҳий бахтсиз ҳодисалар:
-ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар;
-оқибати оғир бахтсиз ҳодисалар.
Гуруҳий, ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бахтсиз ҳодисалар юз берганда Н-1 шаклдаги далолатнома комиссия томонидан махсус текшириш далолатномаси тузилгандан кейин 1 сутка ичида комиссия хулосасига мувофиқ расмийлаштирилади.
Вилоят касаба ушмалари ташкилотлари
Бирлашмаси Меҳнатни мухофаза қилиш
бўлими етакчи мутахаси
А. Комилов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: