Президент Мурожаатномаси – мамлакатимиз тараққиёти учун дастуриламалдир!
Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга қаратилган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни Бирлашма Кенгаши раисининг ўринбосари Ҳамидулло Матисаев очди ва Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича жамоатчилик олдида турган устувор жиҳатларга тўхталди:
– Мурожаатнома мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий тарихида муҳим аҳамият касб этадиган воқеа бўлди. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, халқ билан мулоқот принципига ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини оширишда хизмат қилади. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари Мурожаатномани парламент вакиллари тимсолида бутун халқимизга йўллаб, бир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратди.
Шунингдек, Ҳ.Матисаев Президент Мурожаатномаси ҳар бир касаба уюшма ташкилотларида атрофлича ўрганилиши лозимлигини, кун тартибига қўйилган масалалар бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқиш зарурлиги ҳамда унинг ижросини таъминлашда ҳар бир касаба уюшма ходимлари ва фаоллари масъул эканлигини қайд этди. Фаолиятда коррупцияга қарши кураш ва белгиланган вазифаларни виждонан бажариш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигига урғу берилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси Лола Шералиева ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, мамлакатимиз ҳаётининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берган мазкур ҳужжат – мамлакатимиз тараққиёти учун дастуриламал эканлигини хусусида сўз юритди.
Муҳокамада Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Марҳамат туман кенгаши раиси Нурмуҳаммад Сарболаев ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз тилга олган яна бир жиҳат – болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини узлуксиз оширишда, аввало, замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни давом эттириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳисобига амалга оширилиши ҳақида фикрлар билдирди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Зафаржон Абдуллаев ҳам Мурожаатномани тўлқинланиб тинглаганлигини баён қилди:
– Президентимизнинг олий ўқув юртларига давлат гранти асосида талабаларни қабул қилиш икки баробарига оширилиши тўғрисидаги фикри таълим соҳасидаги яна бир қувончли хабар бўлди. Нега деганда олий таълимга қабул қилишда хотин-қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши хали ҳеч бир давлатда кузатилмаган. Мана шундай қулайликлар, имкониятлар яратиб берилаётган давлатда яйраб яшамаслик, шундай ташаббусларни илгари сураётган мамлакат раҳбарининг фикрларидан илҳом олиб ишламаслик мумкинми?!
Йиғилишда Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифаларни касаба уюшма ташкилотларида рўёбга чиқариш юзасидан “Йўл харитаси” бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Дилфузахон Исамиддинова
Ташкилий ишлар бўлими етакчи мутахассиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: