“Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенцияси ратификация қилинди
Сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, меҳнат соҳасига оид янги қонунлар, бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинмоқда.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 70 дан ортиқ халқаро-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилоти(ХМТ)нинг 17 та конвенцияси (8 та асосий ва
4 та устувор конвенциядан 1 таси) ратификация қилинган.
Бу борадаги ишларни изчил давом этиришни жамиятни ўзи тақозо этмоқда. Айни жараёнда яна бир халқаро ҳужат “Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенцияси 2021 йил 4 июнь куни ЎРҚ – 369-сон билан ратификация қилинди. Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2021 й ил 29 майда маъқулланган. Ўзбекистоннинг мазкур Конвенцияга қўшилиш масаласи ҳукуматнинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлиги доирасида энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири бўлиб, қисқа муддатда кўриб чиқилиши керак бўлган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатига киритилган эди.
Маълумот учун, ушбу Конвенция 2006 йил 31 майда Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош конференциясининг 95-сессиясида қабул қилинган ва 2006 йил 15 июнда кучга кирган, муқаддима ва 13 та моддадан иборат бўлиб, Конвенция матнининг асли инглиз ҳамда француз тилларида қабул қилинган.
Мазкур конвенциянинг асосий мақсади ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштиришдан иборатдир.
187-сонли Конвенция ХМТнинг устувор конвенцияларидан бири ҳисобланиб, унга биноан миллий қонунчиликда иш берувчилар ва ишчиларнинг энг эътиборли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастур ишлаб чиқиш орқали касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилади.
Ҳозирги кунга қадар, ушбу Конвенцияни 49 та давлат, шу жумладан МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси ратификация қилган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, конвенция қоидаларининг аксарияти миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасига биноан барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши кераклиги белгиланган бўлса, бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига юклатилган. “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган.
Қолаверса, мамлакатимизда Меҳнат кодекси, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва 300 дан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилишга оид қоидалар ва меъёрлар, шунингдек, техник стандартлар амалиётга жорий этилган.
Эътиборли жиҳати, мазкур масала бўйича давлатимиз сиёсатининг йўналишлари биз сўз юритаётган Конвенция талабларига мос келади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тамойилларини тўлиқ акс эттиради ва Конвенция қоидаларига жавоб беради.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси томонидан ХМТнинг ратификация қилинган 187-сонли Конвенцияси келгусида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 187-сонли Конвенциясининг ратификация қилинганлиги миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида белгиланган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асосларига тааллуқли бўлган принципларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга, шунингдек халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантириш учун хизмат қилади.
Д.Каюмов. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: