Фуқаролик ишлари бўйича суд ходимни ишга тиклаш хақидаги даъвони қаноатлантирди
Хўжаобод тумани, Бешкарам МФЙ, Ибн Сино кўчаси, 83-уйда яшовчи фуқаро Р.Нишонова “Хўжаобод туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти раҳбари томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигидан норози бўлиб” вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига 2019 йил 6 июнь куни ёзган мурожаати Бирлашма Юридик бўлими ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида Хўжаобод туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти рахбари З.Рўзибоева ҳеч бир асоссиз равишда, ҳолатни тўла ўрганмасдан, шошма-шошарлик билан ошхона ишчиси Р.Нишоновани майда ташимачиликда айблаб, туман ҳокимлигининг мансабдор шахсларини чалғитган ҳолда йиғилиш ўтказиб, ушбу йиғилишни важ қилиб 2019 йил 19 август куни Р.Нишонова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 44-сонли буйруғини расмийлаштирган. Бироқ, ушбу буйруқ меҳнатга оид қонунларига амал қилинмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101, 102, 107 ва 108-моддаси талабларини қўпол равишда бузиб чиқарилганлиги маълум бўлди. Яъни З.Рўзибоева унга ишониб топширилган муассасада ходимларни тақдирини ҳал қилишда жамоатчиликни ролини бир четга суриб қўйган холда ишловчи Р.Нишонова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин бошланғич касаба уюшма қўмитасини розилигини олмаган, ходимни меҳнат шартномаси бекор қилиниши хақида ушбу кодексда белгиланган муддатларда расмий равишда огоҳлантирмаган, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни расмийлаштириш амалдаги Меҳнат кодексининг 107-моддасида белгиланган талабга зид равишда амалга оширилганлиги ҳамда иш берувчи томонидан Р.Нишоновага меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси ўрганиш кунига қадар берилмаган.
Аниқланган қонунбузилиш холатларини бартараф этишлик учун Хўжаобод туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилот рахбари З.Рўзибоевага 2019 йил 9 сентябрь куни ХМ-10/564-сонли хат орқали тақдимнома киритилган бўлсада, тақдимнома ижроси таъминланмади.
Фуқаро Р.Нишоновани қонуний ҳуқуқларини тиклаш учун Бирлашма томонидан 2019 йил 16 сентябрь куни “Р.Нишоновани ишга тиклаш ва мажбурий прогул вақтлари учун хақларини ундириш” хақида Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суд мазкур ишни ҳар томонлама кўриб чиқиб, “Р.Нишоновани ишга тиклаш ва мажбурий прогул вақтлари учун хақларини ундириш” ҳақидаги даъвони қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилиб, ходимни бузилган хақ ва ҳуқуқини тиклади.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
Бирлашмаси Юридик бўлими мудири Х.Усманов
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: