“ЭНЕРГЕТИК” ОРОМГОҲИ – МАВСУМГА ТАЙЁР!
Мамлакатимизнинг барча умумтаълим мактабларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам сўнгги қўнғироқ садолари жаранглаб, ўқувчиларнинг ёзги таътил кунлари бошланди. Яна бир неча кунлардан сўнг улар болалар ёзги дам олиш оромгоҳларига кузатилади.
Хўш, оромгоҳлар болажонларимизни қабул қилишга шайми?
Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини кўнгилдагидек ўтказишларини таъминлаш мақсадида жорий йилги мавсумда вилоятдаги 14 та стационар, 43 тадан ортиқ кундузги оромгоҳлар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу оромгоҳларда болажонларимиз мароқли дам олиши, ҳордиқ чиқариши баробарида билимини бойитиши, жисмонан тобланиши зарур.
Зеро, уларнинг ёзги мавсумни мазмунли ўтказиши кейинги ўқув йилидаги муваффақиятда муҳим аҳамият касб этади.
– Эрта-индан бошланадиган ўқувчиларнинг ёзги дам олиш мавсумида вилоятимизга қарашли 14 стационар оромгоҳида 9 минг 100 нафар, 43 та кундузги оромгоҳларда 13 минг 350 нафар фарзандларимизнинг ҳордиқ чиқаришларини режалаштирганмиз, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Нодирахон Абдурахманова. – Ушбу соғломлаштириш масканларида пардозлаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунланиш арафасида.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, халқ таълими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан объектларнинг хавфсизлик ҳолати, бино ва иншоотларнинг техник мустаҳкамлиги, улар жойлашган ҳудуд ва йўлларда юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ана шу тайёргарлик ишларини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида
Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вилоят бўлими тасарруфидаги Булоқбоши тумани, Шарқ юлдузи массивида жойлашган “Энергетик” болалар соғломлаштириш оромгоҳига сафар уюштирдик.
Оромгоҳга олиб борувчи асфальт йўл жорий бўлса-да таъмирдан чиқарилибди. Пештоқига “Энергетик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи деб ёзиб қўйилган дам олиш масканига киришингиз билан шаҳардаги сиқиқ, иссиқ, бўғиқ ҳавосидан тубдан фарқ қилишига гувоҳ бўласиз. Оромгоҳдаги тозалик, озодалик, тартиб, бир чизиқда оқланган ва буталанган оромгоҳга ўзгача чирой, салқинлик ва олам-олам кислород пуркаб турган манзарали ва мевали дархтлардан дил яйрайди.
Таъмирдан чиқарилган йўлаклар четидаги бордюрлар оқланган, йўлак бўйлаб ўзгача чирой акс эттириб турган ранг-баранг гуллардан баҳри-дилинг очилади.
Жорий таъмирдан чиқарилган очиқ сузиш ҳавзаси, ўти ўрилиб, чизиқлар тортилиб, ҳатто, иптўригача тутиб қўйилган футбол, волейбол майдонлари ва югуриш йўлакчалари: “Болажонлар тезроқ келишсин, бизда яйраб ўйнашсин, чопқилашсин, тўп тепишсин, шодон кулгилари оромгоҳда жарангласин!” дегандек қабулга шай “туришибди”.
Оромгоҳ учун махсус қурилган ер ости суви билан таъминловчи иншоот зарур миқдордаги сувни мунтазам етказиб турибди. Ҳар эҳтимолга қарши заҳира олиб қўйилган сув тортгич насос ҳам жойида.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташаббуси билан ажратилган қурувчи, электр, сантехника усталари ўз ишларини белгиланган муддатда якунлаб, оромгоҳ маъмуриятининг миннатдорчилигига муяссар бўлишди.
Ўғил ва қиз болалар учун алоҳида-алоҳида, жорий таъмирдан чиқарилган ечиниш-кийиниш, душхоналар ишлаб турибди.
Деворлари оқланиб, фойдаланишга яроқли зарур жиҳозлар бўялиб, таъмирланган 250 ўринли ошхонадаги шарт-шароит алоҳида таҳсинга лойиқ. Овқатланувчилар учун идиш-товоқ, қошиқ-санғич, ликопчаю коса, чойнак-пиёлагача ортиқча заҳираси билан тахт қилиб қўйилган.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун омборхонадаги, гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун совутгичли омбор, қуруқ маҳсулотлар омбори, нон ва нон маҳсулотлари цехи техник созлиги ва санитария ҳолати аъло даражада.
Кутубхонамизни янги адабиётлар билан бойитдик, дейди “Энергетик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари Рустамжон Султонов. – Жисмоний тарбия ва спорт, маданият бошқармалари ва бошқа қатор мутасаддилар билан келишган ҳолда болажонларимизнинг ёзги дам олишини кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида кўплаб спорт мусобақалари, турли танлов, викторина, маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар уюштиришни кўзда тутганмиз.
Дарвоқе, жами 250 ўринли, 2 та ётоқхонада яратилган шарт- шароитлар талаб даражасида. Хоналар деворлари, поли, шифти, вестибюллари жорий таъмирдан чиқарилиб, бўялган. Марказлашган тиббиёт хонасидаги шкафда барча зарур дори-дармонлар мавжуд.
Ёнғин, зилзила ва турли табиий офатлар ҳамда фавқулодда вазиятлар чоғида заҳира чиқишлар ва эвакуция учун тайёрланиш жойларининг схемалари ҳар бир ётоқхонада илиб қўйилган.
Ёнғин хавфи туғилганда фойдаланиш учун ўрнатилган шчитлар таъмирланиб, бўялган. Унда зарурат туғилганда фойдаланиш учун барча зарур жиҳозлар мужассам қилиб қўйилган.
Ҳар бир ётоқхона олдидаги умивальниклар ишлаб турибди. Ҳовлидаги соябонли айвонлар таъмирланиб, бўялган.
Оромгоҳ электр ва тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда телефон алоқасида мунтазамлик тўла йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Энергетик” болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳи болажонларни ўз бағрига қабул қилишга тайёр!
Ҳамидулло МАТИСАЕВ
Ташкилий ишлар бўлими мудири
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: