Болалар оромгоҳларида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни”кенг нишонланди
Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида 12 июнь – “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” муносабати билан “Қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатининг энг ёмон шакилларидан фойдаланилишига йўл қўймаслик” мавзусидаги тадбирлари ташкил этиш режалаштирилган эди.
Мазкур тадбирларни ўтказишдан мақсад – вояга етаётган ўғил-қизларнинг болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан ҳамда шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатлардан хабардорлик даражасини оширишдир.
Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур кунга бағишланган тадбирлар “Қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатининг енг ёмон шаклларидан фойдаланилишига йўл қўймаслик” мавзусини қамраб олди.
Бундай тадбирлар Андижон вилоятида фаолият юритаётган 14 та стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам ташкил этилди.
Болалар оромгоҳларида ўтказилган тадбирлар Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” мавзусидаги маданий-маърифий тадбирга уланиб кетди. Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, самаралари, навқирон авлодга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга хос саҳна кўринишлари орқали ифода этилди. Ўқувчилар ва санъаткорлар ижросида Ватан, мустақиллик, тинчлик, она ва бахтиёр болаликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Жумладан, Андижон туманида жойлашган “Боғишамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида тадбир байрамона руҳда ўтказилиб, тадбир доирасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мазкур сананинг мазмун – моҳиятини етказиш мақсадида қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва бола ҳуқуқлари юзасидан тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, “Боғишамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган байрам тадбири доирасида вилоятнинг таниқли спорт усталари, халқимизнинг суюкли хонандалари ва бошқа сохаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган шахслар билан учрашувлар, иқтидорли болалар иштирокида расм чизиш танловлари ҳамда расмлар кўргазмасини ташкил этиш билан бир қаторда спортнинг мини футбол, волейбол, шахмат – шашка, стол теннниси ва бошқа турдаги мусобақалар ўтказилди.
Шунингдек, болалар учун махсус тайёрланган тематик фильмлар ва роликлари намойиш этилди. Болалар ўртасида куй, қўшиқ ва шеърлар танловлари, ўғил-қизлар билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини намоён этди.
Юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар шунингдек, мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.
Тадбир якунида танов ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя
қилиш бўлими етакчи мутахассиси Фаррухбек ХАЛИКОВ
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: