Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

“ҲАЗРАТ НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ”

Одамий эрсанг демагил одами,

Оники йўқ, халқ ғамидин ғами.

 

Алишер Навоий ўзининг ўлмас асарлари билан ўзбек мумтоз адабиётини жаҳон адабиёти ва умумбашар маданияти миқёсига олиб чиққан буюк шоирдир.

9 февраль куни халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намоёндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган буюк сўз санъаткори Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг таваллуд топган кунига 579 йил тўлди.

Ана шу қутлуғ сана муносабати билан З.М.Бобур номидаги Андижон давлат университетида университет маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси хамкорликда “ҲАЗРАТ НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ” мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил этилди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқотчилари, талаба-ёшлари, хусусан, Алишер Навоий ижодининг ҳақиқий ихлосмандлари жамул-жам бўлдилар.

Тадбир Навоий ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқлар садоси остида бошланди.

Тадбирни университет ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Аъзамжон Ҳамрақулов кириш сўзи билан очиб, тадбир катнашчиларини бугунги адабиёт куни билан самимий кутлади.

Тадбирда сўз олган академик С.Зайнобиддинов Навоий даҳоси ҳақида гапирар экан: “Навоий ижодида энг асосий инсонпарварлик ва эзгулик ғояларининг ўзига хослик томони шундаки, ўзи яшаган давргача фаолият юритган барча мутафаккир ва ижодкорлардан фарқли равишда унинг ижодида  илоҳийлик ва дунёвийлик тамойилининг уйғунлашиб кетганлигидадир”,- дея эътироф этди.

Шундан сўнг, филология факультети талабалари Навоий ижодидан байтлар ўқиб, йиғилганлар эътиборига ҳавола этдилар. Навоий ижодининг бетакрор жиҳатлари, улуғ мутафаккирнинг юксак инсоний фазилатлари хусусида қизиқарли маърузалар ўқилди. Дастур давомида санъатшунослик факультети анъанавий хонандалик йўналиши талабалари томонидан Навоий ғазаллари асосида ижро этилган қўшиқлар гулдастаси тадбир иштирокчиларига ўзгача шукуҳ бахш этди.

Талабалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, саҳна кўринишлари, Навоийнинг ғазалу рубоийлари, ижодкор ёшлар мушоираси тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Тадбир доирасида санъатшунослик факультети талабаларининг Навоий ҳаёти ва ижодига оид расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Талабалар буюк мутафаккирни турли хил сиймода тасвирладилар.

Тадбир сўнггида ташкилотчи ва иштирокчи талабалар университет маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси раиси Мирзабаҳром Ботиров томонидан фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

 Андижон давлат университети касаба уюшмаси қўмитаси раиси: М.Ботиров

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!