Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди

Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасини йўллади.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида янгилик бўлган бундай тадбир илк бор 2017 йил 22 декабрда ўтказилган эди. 2018 йилнинг 28 декабрида эса иккинчи Мурожаатнома тақдим этилди. Мазкур дастурий маърузалар чуқур мазмун ва катта аҳамиятга эгалиги, барча соҳаларга алоқадорлиги билан халқимизда ва ҳамкор мамлакатларда катта қизиқиш уйғотганди. 

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, турли соҳа вакиллари иштирок этди.

Мурожаатномани тўғридан-тўғри эфир орқали жойлардан миллионлаб юртдошларимиз кузатиб борди. Тадбир “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар” ва “Маҳалла” телерадиоканаллари, “Маданият ва маърифат”, “Тошкент”, “Дунё бўйлаб”, “Ўзбекистон тарихи”, “Оилавий” телеканаллари, шунингдек, ҳудудий ва нодавлат телеканаллар орқали жонли тарзда намойиш этилди.

Мурожаатнома матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилди. Тадбир тафсилотлари давлатимиз раҳбарининг расмий саҳифаларида онлайн ёритилди.

Бу галги Мурожаатномада ҳам ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Шунингдек, муайян соҳани ривожлантиришни белгилаб берадиган йил номини ҳам таклиф этди.

 “Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкин.

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, мен юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни, таклиф этаман”, деди юртбошимиз.

Ўзбекистон Президентининг бу таклифи йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш анъанага айланган. 1997—2020 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:

2019 йил — Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили

2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

2016 йил — Соғлом она ва бола йили

2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили

2014 йил — Соғлом бола йили

2013 йил — Обод турмуш йили

2012 йил — Мустаҳкам оила йили

2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили

2010 йил — Баркамол авлод йили

2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили

2008 йил — Ёшлар йили

2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили

2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили

2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили

2004 йил — Меҳр ва мурувват йили

2003 йил — Обод маҳалла йили

2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили

2001 йил — Оналар ва болалар йили

2000 йил — Соғлом авлод йили

1999 йил — Аёллар йили

1998 йил — Оила йили

1997 йил — Инсон манфаатлари йили

 

Ҳамидулло МАТИСАЕВ

Бирлашма Кенгаши раисининг ўринбосари

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!