ИНСОН ОМИЛИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Меҳнат муносабатларини тартибга солишда икки жиҳат — болалар меҳнати ҳамда ишга мажбурий ёллашга йўл қўймаслик долзарб масала ҳисобланади. Ишчи таклиф этилган иш ва унга доир шароитлар ҳақида барча маълумотга эга бўлиши, ихтиёрий равишда розилик бериши шарт. Маълумотлар тақдим этишда ёлғончилик ва фирибгарликка, розилик олишда эса мажбурлаш ёки дўқ-пўписага йўл қўйилмаслиги зарур.
Кучли фуқаролик жамиятида инсон манфаатлари, хусусан, меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш устувор вазифа ҳисобланади. Бу борада касаба уюшмалари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгашида нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш ва ушбу жараёнда фаолларнинг иштироки ва ҳаракати юзасидан ташкил этилган ўқув-семинарда мана шу жиҳатлар муҳокама марказида бўлди. Вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Нодирахон Абдурахмонова кун тартибидаги масаланинг аҳамияти, қонунчиликда кўзда тутилган тартиб-қоидалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Бу борада вилоятда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижалари ҳақида маълумотлар берилди.
Семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти лойиҳаси доирасида тайёрланган ўқитувчи-тренер Халиков Фаррух болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш меъёрлари бўйича халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосий тушунчаларга эътиборни қаратди.
Шунингдек, семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят кенгаши Меҳнат техник инспектори М.Азимходжаев ва Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси М.Куббиевлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг ихтисослаштирилган муассаcaси бўлиб, у ижтимоий адолат тамойилларини, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларни илгари суришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1919 йилда ташкил топган ХМТ 1946 йилда БМТ тизимига кирган биринчи ихтисослаштирилган муассаса бўлди.
Меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқларнинг минимал стандартлари белгилаб қўйилувчи Конвенциялар ва Тавсиялар шаклида қабул қилинадиган халқаро меҳнат меъёрларини ишлаб чиқиш ХМТнинг энг муҳим ва ўзига хос функцияларидан бири ҳисобланади.
Халқаро меҳнат меъёрларини белгилаб қўйишда Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенция ва тавсиялари алоҳида аҳамиятга эга.
Семинарда қайд этилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти фаолияти уч томонлама ҳамкорликка асосланган. Иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг бирлашмалари ҳукуматларнинг меҳнат соҳасидаги сиёсий йўналишини белгилаш, иқтисодий дастурларини шакллантиришда улар билан тенг овозга эга. У мазкур соҳадаги асосий ҳуқуқларнинг минимал стандартларини белгиловчи меъёрларни ишлаб чиқадиган ҳамда конвенция ва тавсиялар шаклида қабул қиладиган халқаро муассасадир. Ўзбекистон 1992 йили ушбу ташкилотга аъзо бўлган, ҳозирга қадар 19 та конвенция ва 1 та баён ратификация қилинган.
Охирги йиллар мобайнида республикамизда Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенцияларига оғишмай риоя этишга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор Фармон ва Қарорларида, Вазирлар Маҳкамасининг Баён, Фармойиш ва Қарорларида меҳнат соҳасидаги энг устувор вазифалар сифатида бандлик, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари қўйилган.
2018 йил 10 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори ҳам буларнинг яққол мисоли бўла олади.
Шунингдек, Касаба уюшмалари томонидан ҳар йили Пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиш, мавсум давомида мавзуга оид тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш йўлга қўйилган.
Эришилган ютуқлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўи ошди, ГСП+ бенефициари мақомини олди, 331 та бренд томонидан пахта байкоти бекор қилинди, Ўзбекистон АҚШ Ҳукуматининг “қора рўйхати”дан чиқарилди.
2018 йил 13-15 декабрида ХМТ Бош директори Гай Райдернинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг раҳбарлигида кўплаб ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказилаётганини, уларнинг ижобий натижалари аҳолининг ҳаёти сифати ва турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлаган эди.
Семинар доирасида ишга ёллаш жараёнида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қалтисликларини англаш ва уларнинг олдини олиш масалалари бўйича амалий машғулот ўтказилди. Ноанъанавий ёндашувлар асосида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари синалди.
Фаррух Халиков
Меҳнаташларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: