Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

“ШИФОКОР”ДА ТАЪТИЛ МАРОҚЛИ ЎТМОҚДА

Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол бўлиб улғайишини таъминлаш, хусусан, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини соғломлаштириш, уларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказиши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Андижон вилоятида жорий йил 22 мингдан зиёд болани оромгоҳларда дам олдириш режалаштирилган. Бунинг учун сўлим табиат қўйнида жойлашган 14 та стационар ва 45 соғломлаштириш майдончаларида зарур шароит яратилган. 

– Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш ўз вақтида сифатли амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Мохибахон Қурбонова. – Асосий эътибор болаларни оромгоҳларга кўпроқ жалб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ташкил этиш, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва танловларни мунтазам ўтказишга қаратилди. Барча оромгоҳда маънавият ва маърифат, компьютер хоналари, кутубхоналар, турли тўгараклар ташкил этилди. Оромгоҳлар мавсум давомида ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида 20 мингдан зиёд илмий-бадиий адабиётлар билан таъминланди. 

Оромгоҳларда Ёшлар иттифоқи, халқ таълими, маданият, спорт, соғлиқни сақлаш бошқармалари, маънавият-маърифат марказлари билан ҳамкорликда кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари, турли машғулотлар ўтказилмоқда. 

Булоқбоши туманидаги “Шифокор” болалар оромгоҳида мавсум давомида 1095 нафар ўқувчининг дам олиши режалаштирилган бўлиб, биринчи даврада 275 нафар бола ҳордиқ чиқармоқда. Хушманзара ҳудудда жойлашган оромгоҳда болаларнинг бўш вақтини тўғри ва самарали ташкил этиш учун бадиий ижодиёт, фан тўгараклари, маънавият ва маърифат хонаси фаолият кўрсатмоқда. “Қувноқ стартлар”, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка бўйича спорт мусобақалари мунтазам ўтказилаётгани болаларнинг жисмонан соғлом ва бақувват ўсиши, спортга қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. “Табиат қўйнига саёҳат”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Шеърият кечаси” сингари маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, таниқли ижодкор ва спортчилар билан учрашувлар болаларни ватанпарварлик ва табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларнинг билимини янада бойитишга хизмат қилмоқда. 

–Оромгоҳимизда болаларнинг кўнгилдагидек дам олиши, билимини мустаҳкамлаши, жисмоний чиниқиши учун барча шароит яратилган, – дейди оромгоҳ раҳбари Бекзодбек Комилов. –ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ўтказиш билан бирга, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, рағбатлантириш, ўз устида ишлаш кўникмаларини шакллантиришга оид чора-тадбирларни ҳам кўрмоқдамиз.

Бу жараёнда малакали устоз-мураббийлар, тарбиячилар, психологларнинг ёрдами катта бўлаётир. Болаларнинг ҳар бир куни эсда қоларли ўтиши учун маънавий-маърифий ва спорт тадбирларига алоҳида эътибор қаратганмиз. Турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, инглиз тилини ўрганишлари учун ҳам тўгараклар ташкил этилган. 

Оромгоҳда дам олувчиларни сифатли ва тўйимли, витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида таъминотчи корхоналар билан шартномалар тузилган. Муассасанинг ёрдамчи хўжалигида мева-сабзавот етиштириш йўлга қўйилган. 

– Маза қилиб дам оляпмиз, шароит ва овқатлар менга ёқди, – дейди Асака туманидаги 59-умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Муштарий Абдуқаҳҳорова. – Жуда чиройли ва яхши жой экан. Биринчи кунданоқ турли мусобақалар, танловларда қатнашдим. Янги дўстлар орттирдим. Оромгоҳга келганимдан хурсандман. 

Бирлашма Кенгаши раиси ўринбосари: Х.Матисаев

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!