АНДИЖОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
2019 йил 18 январь куни Андижон давлат университети мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш, талабалар ўртасида фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш, ёшларда Ватанпарварлик фазилатларини янада ошириш мақсадида Андижон давлат университети, Республика Маънавият ва Маърифат Маркази Андижон вилояти бўлими ҳамда Андижон шаҳар кенгаши депутатлари ҳамкорлигида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирни Андижон давлат университети Ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат бўлими бошлиғи А.Акбаров олиб борди.
Дастлаб, координатор А.Акбаров тадбир иштирокчиларига бугунги ташкил этилаётган тадбирдан кўзланган мақсад, тадбирнинг бориши ва маърузачилар билан таништириб ўтди. Жумладан, у ўз сўзида мамлакатимиз Президентининг ушбу Мурожаатномаси орқали халқимиз ҳаёти, турмуш даражаси, дунёқараши, онгида юз бераётган ўзгаришларни тўлақонли қамраб олганлиги билан муҳим аҳамиятга молик эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, координатор сўзни Андижон давлат университети Фуқаролик жамияти назарияси кафедраси катта ўқитувчиси З.Ҳайитматовга берди. Маърузачи ўз сўзида малакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг суръати ва самараси, Президентлик Республикаси, ҳокимият бошқарувидаги ўзгаришлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг амалдаги ҳаракати ва бошқа сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди. Хусусан, Президентимизнинг асосий диққат-эътибори энг эзгу ғоя, яъни “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғояга қаратилгани ўзбек халқи, Ўзбекистон фуқаролари учун чинакам қувонарли ҳол эканини таъкидлаб ўтди.
Кейинги сўз навбати шу кафедра катта ўқитувчиси Ю.Жаҳонгировга берилди. У ўз сўзида ушбу Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, унда таъкидланган фикр-мулоҳазалар, эътироф этилган фактлар, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили давомида амалга оширилган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самараси каби масалаларнинг моҳияти ҳақида уқтириб ўтди.
Бундан ташқари, Мурожаатномада йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттиришда “Ҳаракатлар стратегияси”да кўзда тутилган мақсад ва вазифаларнинг натижаси қай даражада бўлганига алоҳида эътибор қаратилганлигини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, ижтимоий соҳани ислоҳ қилишдаги қабул қилинган дастурлар ижроси, маданий-гуманитар соҳани ривожлантириш бўйича қилинган ишлар, ташқи сиёсат, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари, ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳаларида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар аниқ фактлар ва рақамларда кўрсатиб берилганлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, Республика Маънавият ва Маърифат Маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари М.Ғ.Ғофуров сўз олиб, Мурожаатномада шунингдек, Президентимизнинг миллий ва маънавий тарбияга алоҳида аҳмият қаратгани тўғрисида таъкидлади. Бу миллий ва маънавий тарбия масаласида ўзбек миллатида тарихий асослар етарли бўлишига қарамасдан, бир муддат болаларимизнинг тарбиясига эътиборнинг узилиб қолиши ҳисобига атрофимизда кўнгилсиз ҳолатларнинг бот-бот содир бўлиб тургани, оилавий жанжаллар, ота-бола ўртасидаги низолар, турли нохуш воқеалар шундан келиб чиқаётгани ҳақида қайғуриб гапирди.
Андижон шаҳар кенгаши депутати, АндДУ ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси қўмитаси ўринбосари Е.А.Смесова ҳам ўз сўзида ҳар бир фуқаро, ҳар қандай ёшдаги инсон, талабалар, бутун Ўзбекистон ёшлари, айниқса, бугунги глобаллашув жараёнлари кечаётган бир паллада, ўз устида доимий равишда ишламайдиган бўлса, миллий тараққиётнинг суръатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди.
Тадбир давомида унда иштирок этган талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган савол ва мулоҳазалар билан фаол иштирок этдилар. Тадбир якунида координатор А.Акбаров бугунги бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ўзаро самимий мулоқот руҳида ўтгани, унда сўзга чиққан маърузачилар ҳақиқатда ҳам Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини тушуниш ва англашга, тушунтиришга интилганлари натижасида барчада фаол шахс бўлишга интилишни уйғотди, дейиш мумкин.
АндДУ ходимлар ва талабалар касаба уюшмаси қўмитаси раис ўринбосари: Е.А.Смесова
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: