“Энг намунали бошланғич ташкилот” республика кўрик-танловининг Андижон вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди
Маълумки, 2011 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Танловни ўтказишдан кўзланган мақсад – республикадаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда намунали фаолият олиб бораётган бошланғич касаба уюшма ташкилотларини аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, корхона, ташкилот ва муассасаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ролини оширишдир.
Энг муҳими ушбу кўрик-танловни ўтказиш орқали бошланғич касаба уюшма ташкилотларида:
ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим локал ҳужжат бўлган жамоа шартномаларининг тузилиши ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорликда уларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
иш жойида хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари, шунингдек маиший шароитлар яратилиши;
ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларида меҳнат қонунларига риоя этилиши;
фаолиятни устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида тўғри ташкил этиш, пировард натижада уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш;
меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш, соғломлаштириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш мақсадида спортнинг оммавийлигини ошириш борасидаги ишлар сифати ва самарадорлиги ортади.
“Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови 4 босқичда бўлиб ўтмоқда. Яъни, аввало, туман ва шаҳар миқёсида, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 3-босқич тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари миқёсида ўтказилади. Якуний 4-босқич Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилади.
Танлов жараёнида аъзолар сони кам бўлган бошланғич ташкилотларни ҳам муносиб рағбатлантириш мақсадида аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ва аъзолар сони 100 нафардан зиёд бўлган бошланғич ташкилотлар ичидан энг намунали фаолият кўрсатаётганлари алоҳида мезонлар асосида баҳоланди.
“Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ғолибларини аниқлашда касаба уюшмалари фаолиятининг қуйидаги йўналишларида амалга оширилган ишлар асосий омил ҳисобланади:
жамоа шартномасининг тузилиши, унинг бажарилиши меҳнат жамоасида муҳокама этилиши;
меҳнат ва меҳнат муҳофазаси масаласида бошланғич ташкилот томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши, корхона (ташкилот, муассаса)да ходимлар учун яратиб берилган меҳнат ва маиший шароитлар;
касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар;
корхона (ташкилот, муассаса)да меҳнат муносабатларининг тартибга солинишида касаба уюшмасининг иштироки;
касаба уюшмаси аъзоларининг маънавиятини юксалтириш, уларни жимоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш борасидаги ишлар;
меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари;
корхона (ташкилот, муассаса)да бошланғич ташкилот фаолияти учун шарт-шароитлар яратилиши.
Таъкидлаш зарурки, 4 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг 1-босқичи жорий йилнинг апрель-май ойларида тармоқ касаба уюшмаларининг туман (шаҳар) кенгашлари, бирлашган касаба уюшма қўмиталари ўртасида ўтказилиб, унда 1 минг 800 дан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилоти иштирок этди. Улар орасидан саралаб олинган 129 та энг намунали бошланғич ташкилотлар вилоят босқичида иштирок этиб, 33 таси фахрли 1-3-ўринларни қўлга киритдилар.
Жорий йилнинг 20 июнь куни Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика кўрик-танловининг Андижон вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган бошланғич касаба уюшма ташкилотларини тақдирлаш тадбири ўтказилди.
Тадбир олдидан вилоят босқичида фахрли ўринларни эгаллаган 33 та бошланғич ташкилот етакчилари ўз фаолиятлари юзасидан тайёрланган тақдимот ҳамда кўргазмали материалларни танлов комиссияси ва йиғилганлар эътиборига ҳавола этдилар.
Барча фахрли ўринга сазовар бўлганлар ҳамда “Энг яхши тақдимот қилган бошланғич ташкилот” ҳамда “Энг чиройли кўргазма ташкил қилган бошланғич ташкилот” номинациялари ғолиблари Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тармоқ вилоят босқичида фаол иштирок этган 13 та бошланғич ташкилот танловнинг республика-тармоқ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Хамидулло МАТИСАЕВ
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси раисининг ўринбосари
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: