Қаддингизни кўтаринг, устоз!
Марҳамат туманида ўқитувчиларни узр сўрашга мажбурлаш билан боғлиқ воқелик оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши мазкур ҳолатни устоз-мураббийларнинг шаъни ва қадр-қимматини ерга уриш деб баҳолаб, масъул идоралардан айни жараёнга бош қўшган барча мутасаддиларга қонуний чора кўрилишини сўрайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мавқеи ва мақомини юксалтириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишлардан бирига айланди. Зотан, буюк тараққиёт сари етакловчи бирдан-бир йўл – таълимдир. Шу маънода узр сўратиш кампанияси “ташкилотчилари”ни давлат сиёсатининг руҳини англамайдиган, билимсиз ва маънавиятсиз раҳбарлар деб баралла айтиш мумкин.
Шуни қайд этамизки, юқоридаги ҳолат ортидан таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Марҳамат тумани кенгаши фаоллари 72-ИДУМда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар билан учрашиб, жамоат ташкилоти ҳар қандай шароитда устозлар ҳимоясига шайлигини, касаба уюшмалари ўз аъзоларини наинки ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилишга, балки маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлашга бурчли эканлигини қайд этишди.
Шунингдек, тумандаги 80 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчилари ўртасида ҳам тезкор учрашув ўтказилиб, ўқитувчиларга нисбатан ҳар қандай ножўя хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатда бўлиш зарурлиги қайд этилди.
Андижон вилояти кенгаши юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан мурожаатларни ваколат доирасида ўрганиб чиқишга тайёрлигини яна бир карра таъкидлаган ҳолда, жойлардаги қуйи бўғин етакчиларидан ҳам ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда журъатли ва жасоратли бўлишларини сўрайди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: