Муносабат
Марказий Осиёнинг тараққиёт йўлини белгилаб берувчи муҳим дастур
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқинда даврий матбуотда чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласини ички бир қониқиш билан ўқиб чиқдим. Марказий Осиёнинг бугунги куни ва келажагига бағишланган мазкур чиқишида муаллиф минтақанинг энг долзарб муаммоларини чуқур таҳлил қилиб, уларни ҳал этиш йўлларини ҳам аниқ таклифлар асосида баён этади.
Мақолада, аввало, Марказий Осиё давлатлари ўзаро бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлиги таъкидланган. Бир давлатда юзага келган муаммо барча қўшни мамлакатларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкинлиги рўйи рост айтилган. Шу сабабли хавфсизликни таъминлаш, тинчликни сақлаш ва барқарор тараққиётга эришиш фақат ўзаро ҳамкорлик ва ишонч орқали амалга ошиши мумкинлиги асослаб берилади. Терроризм, экстремизм, чегара муаммолари, наркотрафик каби таҳдидлар минтақа учун умумий хавф эканлиги таъкидланиб, уларга қарши биргаликда курашиш зарурлиги уқтирилади.
Мақолада иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган. Савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш, транспорт йўлакларини яхшилаш, қўшма корхоналарни кўпайтириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш орқали бутун Марказий Осиёнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш мумкинлиги қайд этилади. Бу эса халқлар фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилади.
Экология ва сув масаласи, хусусан, Орол денгизи фожиаси мақоланинг ўзак жиҳатларидан бири, десам муболаға эмас. Зотан, Орол муаммоси фақат бир давлатнинг эмас, балки бутун минтақанинг, таъбир жоиз бўлса, бутун инсониятнинг умумий дарди. Президент бу борада ҳамкорликда ҳаракат қилиш, бефарқ бўлмаслик муҳим вазифа эканлигига ҳам алоҳида урғу берган. Умуман, ушбу мақолани Марказий Осиёнинг янги асрдаги тараққиёт йўлини белгилаб берувчи муҳим дастур дейиш мумкин.
Сўз бораётган мақоланинг долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, касаба уюшмалари фаоллари “Маърифат соати” тадбирларида мазкур мақола билан танишиб, унда илгари сурилган фикрлар юзасидан мунозара ўтказиш ташаббуси билан чиқишди. Хусусан, Андижон вилоятидаги бир қатор йирик ташкилотлар, муассасаларда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ҳамда тармоқ касаба уюшмалари ҳудудий кенгашлари вакиллари иштирокида юқоридаги чиқиш муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари ташкил этилди. Қатнашчилар ўзаро фикр алмашдилар. Табиийки, мавзу юзасидан баён этилган нуқтаи назарлар турлича. Бироқ улардаги умумий хулоса шундай бўлди: Президент илгари сурган ғоялар тўлиқ амалга ошса, Марказий Осиё тинч, барқарор ва ривожланган минтақалардан бирига айланиши шубҳасиз.
Ҳамидулло Матисаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят кенгаши ташкилий ишлар бўлими мудири


Spelling error report
The following text will be sent to our editors: