Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!   Click to listen highlighted text! Welcome to Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланади

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.

Мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда. Бобуршунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар мунтазам ўтказилмоқда.

Кейинги йилларда Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобур Мирзонинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти – Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабур. Бабуриды. Библиография” деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, “Бобур ва дунё” журналининг ташкил қилингани маданий ҳаётимизда катта воқеа сифатида эътироф этилди.

Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, фарзандларимизни шу асосда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш ҳамда таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатда юбилей доирасида мамлакатимиздаги Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни таъмирлаш, шоир меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш, хорижда сақланаётган ноёб қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилиш вазифалари белгиланган.

Қайд этилишича, ўзбек, рус ва инглиз тилларида “Бобур энциклопедияси”нинг тўлдирилган учинчи нашри яратилади, “Бобур” китоб-альбоми, Бобур асарлари луғати, шоир девонининг мукаммал нашри чоп этилади. “Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек ва қорақалпоқ тилларига табдили яратилади.

 

Ҳамидулло МАТИСАЕВ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши Ташкилий ишлар бўлими мудири

Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!