“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Бугун, 5 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг мажлислар залида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси бўйича тадбир халқ депутатлари вилоят кенгаши ва Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилди. Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Шакиржан Балтабаев (ўринбосари Ҳамидулло Матисаев) олиб борди.
Муҳокамада Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши Қонунийлик, ҳуқуқ-тарғибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Маҳаммаджон Юлдашев, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Юридик бўлими мудири Хабибилло Одилбекович Усмонов, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Ҳамидулло Матисаев халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, касаба уюшмалари ташкилотлари ходимлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маълумки, қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш қонун ижодкорлиги фаолиятида жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш, қонун лойиҳаси тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини таъминлаш ва ундан фойдаланиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Жорий йилнинг июль ойида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасинининг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мақсадида қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатасининг веб-сайти “parlament.gov.uz”га жойлаштирилди. Шунингдек, Республикамизда чоп этиладиган барча оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда чоп этилди. Шундан сўнг аҳоли вакилларилари томонидан қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушаётганлиги ҳисобга олиниб, Республиканинг барча ҳудудларида қонун лойиҳасининг муҳокамаларини ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Мазкур режага асосан бугун Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасида иштирокчиларга соҳадаги бугунги кундаги муаммолар, қонун лойиҳасининг ишлаб чиқиш зарурати ва лойиҳадаги янгиликлар ҳамда кутилаётган натижалар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, қонун лойиҳасининг мақсади, амал қилиш соҳаси, лойиҳадаги асосий тушунчалар, касаба уюшмалари фаолиятининг принциплари, касаба уюшмалари тузиш ва уларни руйхатга олиш тартиб-таомйиллари, касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари, жамоатчилик назоратини ва ижтимоий шерикликни амалга оширишнинг ўзига хослиги ҳамда касаба уюшмалари ташкилотлари ҳуқуқларининг кафолатлари ҳақида иштирокчиларга батафсил тушунчалар берилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнатга оид масалаларни кўриб чиқишда касаба уюшмалари ҳуқуқларини кенгайтириш, жамоатчилик-назоратини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиягларини такомиллаштириш, аъзоларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада кучайтириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Мана бугун биз «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги таҳридаги қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиб турибмиз, – дейди Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Эргашбой Тешабоев. – янги қонун лойиҳасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имонияти кенгаймоқда. Амалдаги қонунда “ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга” дейилган бўлса, лойиҳада бу конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бу халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос келадиган меъёр. Шунингдек, амалдаги Қонунга биноан касаба уюшмалари корхона-ташкилотларда тузилиши белгиланган бўлса, янгисига мувофиқ эса барча иш ўринларида касаба уюшмалари тузиш мумкин бўлади. Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш учун иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Шунингдек, касаба уюшмаларига иш берувчилар ташкилотлари ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш таъқиқланади. Биз назарда тутаётган ҳужжатда мазкур жиҳатлар эътиборга олинган бўлиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Яширишга ҳожат йўқ, баъзи ҳолларда фуқаролар ишга жойлашаётганда иш берувчилар уларга касаба уюшмасига аъзо бўлмаслик ёки аъзоликдан чиқиш талабини қўйиши мумкин. Ходимнинг касаба уюшмасига аъзо бўлмайман, деб берган тилхати ҳақиқий эмаслиги янги қонун билан белгилаб қўйилган. Амалдаги қонун 27 йилдан буён амал қилмоқда ва шу давр ичида меҳнат бозорида рўй берган катта ўзгаришларни ўзида акс эттирмайди. Шу ўзгаришларни касаба уюшмалари фаолиятида ифодалаш учун янги қонунга касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати, касаба уюшмаларининг жамоатчилик инспекциялари ва меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик масалаларига тааллуқли янги боблар киритилди. Касаба уюшмлари бирлашмаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштироки кафолотлари кучайтирилганини ҳам муҳим янгиликлар сирасига қўшиш мумкин. Айни пайтда касаба уюшмалари Федерацияси бундай ваколатга эга бўлса, эндиликда республика миқёсидаги касаба уюшмалари бирлашмаларининг барчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, касаба уюшмаларининг ўз аъзолари олдида ҳисобот бериш мажбурияти қонун билан мустаҳкамлаб қўйилади. Шу ўринда қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳа бўйича етакчи ҳорижий давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибаси ўрганилгани, халқаро ҳужжатлар – Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари талаблари эътиборга олинганини таъкидлаш лозим.
Шунингдек, тадбир якунида Қонунчилик палатаси депутатларига касаба уюшмалари аъзолари томонидан билдирилган ёзма таклифлар жамланмаси қонун лойиҳасини маромига етказиш ишларида кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Қайд этиш лозимки, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниши аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардорлик даражасини ошишига, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини кучайишига хизмат қилади.
Андижон вилояти касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси
Матбуот хизмати
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: