ИНСОН ОМИЛИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ(Ишга ёллаш жараёни халқаро меъёрларга мос бўлиши шарт)
Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда матбуот ходимларини салоҳиятини ошириш мақсадида ХМТ (МОТ) экспертлари ҳудудий мониторинг гуруҳи раҳбари Лалайна Разафиндракото иштирокида “Пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.
Меҳнат муносабатларини тартибга солишда икки жиҳат — болалар меҳнати ҳамда ишга мажбурий ёллашга йўл қўймаслик долзарб масала ҳисобланади. Ишчи таклиф этилган иш ва унга доир шароитлар ҳақида барча маълумотга эга бўлиши, ихтиёрий равишда розилик бериши шарт. Маълумотлар тақдим этишда ёлғончилик ва фирибгарликка, розилик олишда эса мажбурлаш ёки дўқ-пўписага йўл қўйилмаслиги зарур.
Кучли фуқаролик жамиятида инсон манфаатлари, хусусан, меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш устувор вазифа ҳисобланади. Бу борада касаба уюшмалари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда матбуот ходимларини салоҳиятини ошириш мавзусига бағишланган семинарда мана шу жиҳатлар муҳокама марказида бўлди. Бирлашма кенгаши раиси Қодиржон Парпиев кун тартибидаги масаланинг аҳамияти, қонунчиликда кўзда тутилган тартиб-қоидалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Бу борада вилоятда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижалари ҳақида маълумотлар берилди.
Семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Лалайна Разафиндракото ўзи фаолият юритаётган ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш меъёрлари бўйича халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосий тушунчаларга эътиборни қаратди.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг ихтисослаштирилган муассаcaси бўлиб, у ижтимоий адолат тамойилларини, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларни илгари суришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1919 йилда ташкил топган ХМТ 1946 йилда БМТ тизимига кирган биринчи ихтисослаштирилган муассаса бўлди.
Меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқларнинг минимал стандартлари белгилаб қўйилувчи Конвенциялар ва Тавсиялар шаклида қабул қилинадиган халқаро меҳнат меъёрларини ишлаб чиқиш ХМТнинг энг муҳим ва ўзига хос функцияларидан бири ҳисобланади.
Халқаро меҳнат меъёрларини белгилаб қўйишда Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенция ва тавсиялари алоҳида аҳамиятга эга.
Семинарда қайд этилганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти фаолияти уч томонлама ҳамкорликка асосланган. Иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг бирлашмалари ҳукуматларнинг меҳнат соҳасидаги сиёсий йўналишини белгилаш, иқтисодий дастурларини шакллантиришда улар билан тенг овозга эга. У мазкур соҳадаги асосий ҳуқуқларнинг минимал стандартларини белгиловчи меъёрларни ишлаб чиқадиган ҳамда конвенция ва тавсиялар шаклида қабул қиладиган халқаро муассасадир. Ўзбекистон 1992 йили ушбу ташкилотга аъзо бўлган, ҳозирга қадар 14 та конвенция ратификация қилинган.
Оҳирги йиллар мобайнида республикамизда Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенцияларига оғишмай риоя этишга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган бўлиб, Бу давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш, мамлакатимизни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга кенг йўл очаётир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор Фармон ва Қарорларида, Вазирлар Маҳкамасининг Баён, Фармойиш ва Қарорларида меҳнат соҳасидаги энг устувор вазифалар сифатида бандлик, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари қўйилган.
2017 йил 4 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”га Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори ҳам буларнинг яққол мисоли бўла олади.
Семинар доирасида ишга ёллаш жараёнида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қалтисликларини англаш ва уларнинг олдини олиш масалалари бўйича амалий машғулот ўтказилди. Ноанъанавий ёндашувлар асосида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари синалди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: