НОГИРОНЛАРГА ЭЪТИБОР УЛУҒ ҚАДРИЯТ
Мамлакатимиз мустакилликни қўлга киритган даврдан эътиборан ўтган йилларни сарҳисоб қилсак, ҳукуматимиз томонидан инсон манфаатларини кўзлаш ва ҳимоялаш жараёнида жамиятимизнинг алоҳида ёрдамга муҳтож қатламига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. БМТнинг болалар муаммолари билан шугулланувчи ЮНИСЕФ ташкилотининг ижтимоий мониторинг натижаларида ҳам Ўзбекистан бу борада ўзига хос ютуқларга эришаётган давлатлардан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган.
БМТ маълумотларига кўра ер юзида ногиронларнинг сони қарийб 1 миллиардни ташкил этади. Уларнинг тахминан 80 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Кўплаб давлатларда ногиронлар малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш, жамоат транспортида юриш, айниқса, ишга жойлашишда муаммоларга дуч келишади. Мамлакатимизда бу борада соҳага оид норматив-ҳуқуқий база ривожланган демократик давлатлар даражасидадир. Ўзбекистоннинг тажрибасини ўрганиш кераклигини ҳатто хорижлик экспертлар ҳам эътироф этишган.
Бугунги мураккаб, тез ўзгарувчан, шиддатли ва зиддиятли замонда Президентимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, олийҳимматлик муҳити муҳим омил бўлмоқда. Қалбида имон-эътиқоди мустаҳкам халқимизга ногиронлар тўғрисида ғамғўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Жумладан, 2021 йил 28 июлда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрдаги 61/106-сонли Резолюция билан қабул қилинган ва 2008 йил 3 май куни кучга кирган. Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 2009 йил 27 феврал куни имзоланган ва 2021 йил 7 июнда ЎРҚ-695-сонли қонун билан ратификация қилинди.
Ушбу халқаро шартномада бугунги кунда 184 та давлат иштирок этади.
Конвенция 50 моддадан иборат бўлиб, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш, етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.
Конвенцияда қоидаларига риоя этилиши ва иштирок этувчи давлатларнинг мажбуриятларининг бажарилишини мувофиқлаштириш ва бунинг мониторингини амалга ошириш мақсадида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ташкил этилган. Ўзбекистонда 2017 йилда Ф-5006-сонли Президент фармойиши билан, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилган, президентнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5270-сонли фармони ва 2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги ЎРҚ-641-сонли қонуни қабул қилинган. Конвенцияда иштирок этиш миллий қонунчиликни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда уларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра ҳозир мамлакатимизда 600 мингга яқин ногирон бор, уларнинг учдан бири таълим ёшидагилар. Имконияти етадиганларини ўқитиш керак. Улар келажакда қийналмаслиги учун ҳам таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши лозим. Қонунчилигимизда 11 йиллик таълим мажбурий ва бепул этиб белгилангани нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар томонидан Ўзбекистоннинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги энг катта ютуғи сифатида эътироф этиб келинади. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ногирон болаларни мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларига қамраб олишда муаммо деярли йўқ. Уларнинг лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқишлари учун зарур шарт-шароит яратиб бериш эса кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиб бўлиб босқичма-босқич хал этиб борилмоқда.
Шуни эътироф этиш керакки, ўтган йиллар мобайнида ногирон болаларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим тизимида ўқитиш бўйича самарали ишлар қилинган. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилмоқда.
ОТМлар томонидан етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, “темир дафтар” рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Бунда олий таълим муассасалари мавжуд маблағлари ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4,0 млн. сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилган.
Бутун мамлакатимиз олий таълим муассаларида бўлгани каби Андижон Машинасозлик институтида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, уларни таълим-тарбияси ва камолотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш, уларни мукаммал профессионал билим олишлари учун институт маъмурияти томонидан мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Уларга талабалар ётоқхоналаридан имтиёзли жойлар ажратиш, институт Ахборот-ресурс маркази ва компюьтер, интернет тизимларидан кенг фойдаланиш, ўқув қуроллари ва бошқа ижтимоий ва ўқув эхтиёжлар учун жарур жиҳозлар билан ёрдам бериш ташкиллаштирилган.
Шу билан бирга институт ходимлар ва талабалар Касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳам талабалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам бериш ишлари мунтазам амалга оширилмоқда.
Институтда 3 – декабрь Жаҳон ногиронлар куни муносабати билан «Мурувват куни» хайрия тадбири ташкил этилди. Унга ногиролиги бор институтда турли йўналишларда тақсил олаётган 43 нафар талабалар ва 10 нафар ишчи-ходимлар таклиф этилди. Институт мамурияти катта байрам дастурхон ташкил этди ва 43 нафар талаба базавий стипендиянинг икки баробари миқдорида раҳбатлантирилди. Институт ходимлар ва талабалар Касаба уюшма қўмитаси томонидан таклиф этилганларга эсталик совғалари топширилди.
Хайр ва саҳоват инсонни улуғлаб, ҳар икки дунёда ҳам ажру савобга сазовор этиши ҳақида алломаларимиз таъкидлаб ўтилган. Бир ҳадиси шарифда: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт, унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”, деб марҳамат қилинган.
Мамлакатимизда улуғ қадриятларимиз асосида ногиронлар, ижтимоий муҳофаза шахсларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар қон-қонимизга сингиб бориши керак. Зеро ақлнинг қадри одоб билан ошади, бойлик қадри – саховат билан. Сахийлик эзгуликни юксалтирувчи, демакки, дўстларнинг кўпайишига имкон яратувчи хусусият бўлиб, инсон учун саховатдан яхшироқ ва азизроқ ёқимли сифат йўқ.
Расулжон Маматов – Андижон Машинасозлик институти талабалар ва ходимлар Касаба уюшма қўмитаси раиси.
Рисликой Максудова – Андижон Машинасозлик институти АРМ 1-тоифали библографи.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: