“Боғишамол” болалар оромгоҳида 12 июнь – “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” нишонланди
Жойир йилнинг 12 июнь куни Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Андижон туманининг сўлим масканларидан бирида жойлашган “Боғишамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида турли ёшдаги ўғил қизлар иштирокидаги болажонларга мазкур сананинг моҳиятини тушунтиришга йўналтирилган байрам тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбирларни ўтказишдан мақсад – вояга етаётган ўғил-қизларнинг болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан ҳамда шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатлардан хабардорлик даражасини оширишдир.
Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур кунга бағишланган тадбирлар “Болалар меҳнатига барҳам бериш учун умумий ижтимоий ҳимоя” шиори остида ташкил этилди. Мазкур санадан кўзланган яна бир мақсад – болалар меҳнати, унинг энг ёмон шакллари тўғрисидаги хабардорликни оширишдир.
Андижон туманида жойлашган “Боғишамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида тадбир байрамона руҳда ўтказилиб, тадбир доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мазкур сананинг мазмун – моҳиятини етказиш мақсадида меҳнат муҳофазаси ва бола ҳуқуқлари юзасидан тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, оромгоҳда ташкил этилган байрам тадбири доирасида вилоятнинг таниқли спорт усталари, халқимизнинг суюкли хонандалари ва бошқа сохаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган шахслар билан учрашувлар, иқтидорли болалар иштирокида расм чизиш танловлари ўтказилди.
Шунингдек, болалар учун махсус тайёрланган видео роликлар намойиш этилди. Болалар ўртасида куй, қўшиқ ва шеърлар танловлари, ўғил-қизлар билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини намоён этди.
Юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар шунингдек, мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.
Тадбир якунида танов ғолиблари бўлган болажонлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Фаррухбек ХАЛИКОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши Меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: